АсосийСиёсат

Маданият ва санъат соҳаси учун янги имтиёзлар эълон қилинди

1 июлдан бошлаб ҳар бир туман ва маҳаллада ўтказиладиган концерт-томошалар харажатининг 20 фоизгача қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

'Маданият ва санъат соҳаси учун янги имтиёзлар эълон қилинди'ning rasmi

Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли янги чора-тадбирлар жорий этилади. Бу ҳақда бугун, 1 июнь куни Президент иштирокида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда ҳозирги кунда ахборот майдони асосан рақамли платформаларга кўчаётгани қайд этилиб, ёт ғояларга қарши маънавий иммунитетни кучайтиришда ижодкор ва зиёлиларнинг интернетдаги фаоллигини ошириш муҳимлиги таъкидланди. Шу муносабат билан янги ташкил этилаётган 21 та ижодий бирлашмага йил давомида камида тўрт марта танлов ўтказиш тавсия этилди.

Аҳолининг маданият ва санъатга қизиқишини ошириш мақсадида ҳар йили 500 минг нафар ўқитувчи, шифокор, давлат хизматчиси, фаол ўқувчи ва талабага, шунингдек, 100 минг эҳтиёжманд оила ҳамда ногиронлиги бўлган болаларга театр, кино ва концертларга бепул ваучер берилади.

1 июлдан бошлаб ҳар бир туман ва маҳаллада ўтказиладиган концерт-томошалар харажатининг 20 фоизгача қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

Шунингдек, концерт-томоша фаолияти, хусусий театрлар, кинематография, болалар контенти ҳамда маданият ва санъат соҳасидаги хусусий таълим муассасалари қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, айланма солиғи, ер солиғи, мол-мулк солиғи ва даромад солиғидан озод қилинади. Адабиёт, маданият ва санъатни қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган ҳомийлик маблағлари ҳам солиққа тортилмайди.

Вилоят ҳокимликлари ҳузурида алоҳида дирекциялар ташкил этилади. Улар концерт заллари, театрлар ва маданият саройларидан самарали фойдаланиш ҳамда ҳар куни маданий тадбирлар ўтказилишини таъминлаш учун масъул бўлади.

Йиғилишда бир қатор театрларни модернизация қилиш ишлари бошлангани маълум қилинди. Хусусан, Миллий қўғирчоқ театри, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри ва Ёшлар театрини янгилаш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Аввал Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрига берилган мустақил бошқарув тажрибаси ўзини оқлагани қайд этилиб, эндиликда бу амалиёт Муқимий театри, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри ҳамда Миллий қўғирчоқ театрида ҳам жорий этилади.

1 сентябрдан хусусий театрлар ва театр-студиялари учун янги қўллаб-қувватлаш тизими ишга тушади. Унга кўра, ҳар йили 50 та саҳна асарини яратиш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади. Давлат маданият объектлари уларга бепул ажратилади. Агар хусусий бинодан фойдаланилса, ижара харажатининг ойига 20 миллион сўмгача қисми бюджет ҳисобидан тўланади.

Шунингдек, давлат ва хусусий театрлар сотилган ҳар бир чипта учун қўшимча равишда 10 минг сўмдан гонорар олади. Агар спектакль ҳудудларда намойиш этилса, бу миқдор 20 минг сўмни ташкил қилади.

Йиғилишда кино соҳасини ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Яқинда Франциянинг Канн шаҳрида ўтказилган инклюзив фильмлар халқаро фестивалида Гран-прини қўлга киритган бухоролик ёш режиссёрлар Суҳроб Қодиров ва Дилшод Усмоновга ижодини давом эттириши учун 1 миллиард сўмлик ваучер ажратилади.

Шу билан бирга, мамлакатда ҳар йили халқаро фестиваллар даражасида эътироф этиладиган камида 5–10 та сифатли фильм яратиш вазифаси белгиланди.

Йиғилиш якунида "Ўзбекфильм"га миллий мақом берилиб, уни маҳаллий ва халқаро кино индустриясига хизмат кўрсатадиган марказий киноконцернга айлантириш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Миллий фильмларни халқаро бозорларга олиб чиқиш мақсадида глобал кино платформалари билан ҳамкорлик кучайтирилади.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Энди ҳар йили “Миллий ижодкорлар қурултойи” ўтказилади'ning rasmi

    Сиёсат Бугун 08:28

    Энди ҳар йили “Миллий ижодкорлар қурултойи” ўтказилади

    Республика танлови ғолибларига 100 млн сўм, халқаро совриндорларга эса 300 млн сўмгача мукофот берилади.

    'Президент Мирзиёев ЕОИИ саммитида иштирок этди'ning rasmi

    Сиёсат 29.05.2026 13:26

    Президент Мирзиёев ЕОИИ саммитида иштирок этди

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 29 май куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи давлат раҳбари мақомида иштирок этди.

    'Шавкат Мирзиёев ЕОИИда рақамли савдо ва ҳамкорлик бўйича йирик ташаббусларни илгари сурди'ning rasmi

    Сиёсат 29.05.2026 11:32

    'Янги фармоннинг самарасини минглаб инсонлар ҳис қилади — Саида Мирзиёева'ning rasmi

    Сиёсат 29.05.2026 06:18

    Янги фармоннинг самарасини минглаб инсонлар ҳис қилади — Саида Мирзиёева

    Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева мазкур ҳужжатнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.

    'Тошкент — Самарқанд ўртасида янги тезюрар йўл қурилади: Мирзиёев транспорт соҳасидаги йирик лойиҳаларни кўриб чиқди'ning rasmi

    Сиёсат 26.05.2026 14:18

    Тошкент — Самарқанд ўртасида янги тезюрар йўл қурилади: Мирзиёев транспорт соҳасидаги йирик лойиҳаларни кўриб чиқди

    Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган режалар орасида “Тошкент — Самарқанд” муқобил автомагистрали, Янги Тошкент халқаро аэропорти ва Навоий авиация хаби бўйича муҳим ташаббуслар бор.

    'Кичик бизнес учун катта бурилиш: солиқ чегараси 5 баравар оширилиши мумкин'ning rasmi

    Сиёсат 26.05.2026 13:57

    Кичик бизнес учун катта бурилиш: солиқ чегараси 5 баравар оширилиши мумкин

    Мирзиёевга тақдим этилган янги таклифлар тадбиркорлар учун солиқ юкини енгиллаштириб, “яширин иқтисодиёт”ни қисқартиришга қаратилган.