Покистоннинг Афғонистон ҳудудига эҳтимолий ҳарбий интервенцияси ҳақидаги хабарлар фонида Кобулдаги Толибон маъмурияти ҳам хавфсизлик масалалари бўйича фаол ҳаракат қилмоқда.
Хусусан, май ойи охирида Афғонистон мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Мулла Ёқуб Москва шаҳрида ўтказилган халқаро хавфсизлик форумида иштирок этди. Ташриф доирасида у Россия расмийлари билан бир қатор муҳим учрашувлар ўтказган.
Манбаларга кўра, музокараларнинг асосий натижаларидан бири Россия ва Афғонистон ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича келишувга эришилгани бўлган. Қайд этилишича, Кобул Москвадан замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда учувчисиз учиш аппаратлари — дронлар харид қилиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.
Бу қадам Покистоннинг Афғонистон ҳудудидаги нишонларга зарба беришга қаратилган янги ҳарбий ёндашувига жавоб сифатида баҳоланмоқда. Толибон маъмурияти Покистон ҳарбий-ҳаво кучлари ва дронларининг мамлакат ҳаво ҳудудига кириб келиши эҳтимолига қарши мудофаа имкониятларини тезкор равишда кучайтириш зарурлигини англаб етган.
Шу тариқа, минтақадаги геосиёсий вазият янада мураккаблашиб бормоқда. Покистон Пекин билан аксилтеррор амалиётлари бўйича келишувларга эришишга интилаётган бир пайтда, Афғонистон Москва билан ҳарбий ҳамкорликни чуқурлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Кузатувчилар фикрича, мазкур жараёнлар Марказий ва Жанубий Осиё туташган ҳудудда янги геосиёсий рақобат ҳамда қуролланиш тенденцияларининг кучайишига ишора қилмоқда.






