Сўнгги йилларда бизнес оламида иш берувчининг бренди ва қиймат таклифи каби атамалар оммалашди. Бу сўзлар ортида оддий тушунча яширинган – Бизнес ходимлар ишга шунчаки келмаслиги, балки ўз касби, иш жойи, компанияси билан фахрланиши учун барча асосларга эга бўлиши кераклигини тушунди. Ахир, ҳар қандай фирма ва корхона учун рақобат устунлиги нафақат ресурслар ва имкониятлар, балки, биринчи навбатда, ишчилар, ходимлар томонидан яратилади.

Айнан шу боис “UzAuto Motors” АЖ кадрлар малакасини ошириш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор беради. Ҳар ой компания бўлим даражасида бўлинманинг энг яхши ходимини аниқлайди. Ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Ходимларга янада кўпроқ мотивация бериш мақсадида кадрлар бўлими ташаббуси билан компания раҳбарияти шу ойдан бошлаб уларнинг ота-оналари ва оила аъзоларини тақдирлаш маросимига таклиф қилишга қарор қабул қилди. Ахир ота-она учун фарзандини энг яхшилар қаторида кўриш катта қувонч ва ғурурдир. Ота-онасининг юзидаги қувончни кўриш ҳар қандай ходим учун энг яхши мукофотдир.

Айтилди – бажарилди! Апрел ойининг энг яхши ходимларини тақдирлаш маросими уларнинг ота-оналари иштирокида бўлиб ўтди. Ишлаб чиқариш ва технологияларни ривожлантириш бўйича бошқарувчи директор Иқбол Жўраев ўзининг нутқида компаниянинг энг яхши ходимларининг оила аъзолари билан учрашганидан ғоят мамнун эканлигини таъкидлади.

Касаба уюшмаси раиси Ўктам Мирзаев эса ўз сўзида бундай фарзандларни вояга етказган ота-оналарга миннатдорчилик билдирди. Кадрлар бўйича директор ўринбосари Музаффар Шерматов уларга шахсий ва профессионал ўсишни тилади. Ходимлар сертификат ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Маросимнинг барча иштирокчилари учун энг муҳим соврин – дўстлик, бирдамлик, ўз жамоаси ва корхонаси билан фахрланишнинг қувончли муҳити бўлди.

Тақдирлаш маросимининг сўнггида ота-оналар учун заводга экскурсия ташкил этилди. Улар фарзандлари меҳнат қилаётган корхонадаги меҳнат фаолияти ва ишлаб чиқариш шароитлари билан яқиндан танишишди.








