Жорий йилнинг 25 апрель куни Адлия вазирлигида матбуот анжумани (онлайн ва офлайн) ташкил этилди.
Унда Президентимизнинг “Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун ва моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтирилди. Шу жумладан жорий этилаётган қулайлик ва афзалликлар, бекор бўлаётган бюрократик талаблар ва янги тизимлар ҳақида ахборот берилди.
Таъкидлашича, Фармонга мувофиқ 2022 йил 1 августдан бошлаб давлат хизматларидан фойдаланиш учун жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими жорий этилиши белгиланмоқда. Мобил-ID тизими фойдаланувчилари электрон рақамли имзони қўлламаган ҳолда барча давлат хизматларидан (бундан молиявий хизматлар мустасно) масофадан туриб фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Коммунал ташкилотларига аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатишда 35 турдаги маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади ва уларни “Электрон ҳукумат” тизимдан олиши белгиланди.
Фармон иловаси билан 7 та усувор масалалар тасдиқланди. Хусусан:
Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришнинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган миллий стратегияси тасдиқланди. Эндиликда “Фуқаро эътибор марказида” (Citizen – centric service) тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини модернизация қилинади;
Миллий стратегияни 2022–2023 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Унга асосан 2022-2023 йилларда 100 дан ортиқ давлат хизматлари рақамлаштирилади ва уларни ЯИДХП орқали ҳамда давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиш йўлга қўйилади;
- 6 турдаги (тиббий, фармацевтика, архитектура-шаҳарсозлик, солиқ, меҳнат, заргарлик буюмлари фаолиятига тегишли) лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш учун амалда мавжуд бўлган 17 та бюрократик талаб бекор қилинди;
38 турдаги давлат хизматларидан ЯИДХПда электрон рақамли имзосиз фойдаланишга рухсат берилди;
8 та вазирлик ва идоранинг электрон тизимлари “Электрон ҳукумат” тизимига интеграция қилиниши белгиланди. Бунинг натижасида аҳоли ва тадбиркорларнинг электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти янада кенгаяди;
маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган 21 та давлат органларининг ахборот тизимлари Ягона биллинг тизимига интеграция қилиниши белгиланди. Бунинг натижасида жарималарни электрон тўлаш ва натижаларидан хабардор бўлиш имконияти яратилади;
2022–2026 йилларда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини
жадал ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари белгилаб берилди.
Яна бир муҳим жойи, янги ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш учун тест топширишда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да рўйхатга олинган шахслар, уларнинг фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар тест синовларида иштирок этиш учун ундириладиган тўловлардан озод этилади.
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб тижорат банкларига, телекоммуникация ташкилотларига, хусусий тиббиёт муассасалари, нодавлат таълим ташкилотларига, суғурта ташкилотларига фаолият йўналишидаги нодавлат ташкилотларга ҳам “Электрон ҳукумат” тизими орқали олиш мумкин бўлган маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилади. Фақат, ушбу ташкилотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши шарт ва бу тегишли лицензия талаб ва шартларидан бири ҳисобланади.
Матбуот анжумани давомида журналистлар (марказий студия ва ҳудудлар орқали қатнашаётган) ва иштирокчилар Фармонда назарда тутилган янгиликлар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алокалар бўлими






