Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди, дея хабар қилмоқда Ўзбекистон Миллий матбуот маркази.
Хабарда қайд этилишича, Ўзбекистонда 2022 йилнинг январь-март ойларида ўртача ойлик иш ҳақи 3,426 млн сўмни ташкил қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,1 фоизга кўпдир.
Иқтисодий фаолият турлари бўйича корхоналар ходимларининг иш ҳақи қуйидагилардан иборат. Банк, суғурта, лизинг ва кредит-воситачилик фаолияти – 8,42 млн сўмни ташкил этади. Ахборот ва алоқа – 6,5 миллион сўмни, ташиш ва сақлаш – 4,55 млн сўм, саноат – 4,46 млн сўм, қурилиш – 4,15 млн сўм, савдо – 3,51 миллион сўмни, таълим – 2,51 млн сўм, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш ходимлари - 2,32 млн.сўм ойлик маош олади.
Аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажмида Тошкент шаҳрида (7, 715 млн сўм) ва Навоий (5,768 млн сўм), Тошкент (3,772 млн сўм), Бухоро (3,472 млн сўм) вилоятларида ўртача республика даражасидан юқори кўрсатгич қайд этилди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, ўртача ойлик иш ҳақи — бу ҳар бир алоҳида ой учун қайта ҳисобланган 12 ой ичида ходимнинг иши учун олинган барча мукофотларнинг ўртача қиймати.
Ўртача ойлик иш ҳақига нафақалар, мукофотлар, рағбатлантириш тўловлари, компенсация тўловлари ва ишламаган соатлар учун тўловлар, шунингдек, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва касаба уюшма фондига ажратмалар киради.






