1

Владимир Норов ШҲТ Бош котиби билан учрашди

ДУНЁ 16.05.2022, 16:18
Владимир Норов ШҲТ Бош котиби билан учрашди

2022 йил 16 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов мамлакатимизга ташриф билан келган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Чжан Мин билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати хабар берди

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан ШҲТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг ШҲТга раислигидаги тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди. Томонлар Ўзбекистон раислигида Ташкилотнинг шу кунгача 40 дан ортиқ тадбирлари муваффақиятли ўтказилганини қайд этди ҳамда жорий йилнинг май-сентябр ойларига мўлжалланган юқори даражадаги учрашувларнинг ташкилий масалалари ва кун тартибини муҳокама қилишди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ташаббуси билан ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишлари йўлга қўйилган бўлиб, улар Ташкилот кун тартибини замонавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда бойитишга хизмат қилмоқда. Хусусан, ШҲТга аъзо давлатларнинг ахборот-коммуникация технологиялари, камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича илк бор вазирлар йиғилишлари ташкиллаштирилди. 17-май куни эса Тошкент шаҳрида ўсимликлар карантини бўйича масъул идоралар раҳбарларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади.

ШҲТ Бош котиби асосий воқеа – 2022 йил 15-16 сентябр кунлари бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисига тайёргарлик кўриш, мамлакатимиз томонидан Самарқанд саммитини мазмунан бойитиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни юксак баҳолади. Шу нуқтайи назардан, томонлар бўлажак саммит доирасида имзоланиши режалаштирилган ҳужжатларни келишиш жараёнини тезлаштириш бўйича фаол саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.

ШҲТ фаолиятини янада ривожлантириш, унинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Музокараларда халқаро ва минтақавий кун тартибининг айрим масалалари, жумладан, Афғонистондаги мавжуд вазият ҳам кўриб чиқилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1