Туркия ва Озарбайжон президентлари Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Илҳом Алиев Туркиядаги 58-аэропорт – Ризе-Артвин аэропортининг очилиш маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Анадолу”.

Эрдўғон янги аэропортни Туркиянинг сўнгги 20 йил ичида фуқаро авиацияси ва транспорт соҳасида эришган ютуқлари кўрсаткичи деб атади. Унинг сўзларига кўра, 5 йил давомида қурилган ҳаво бандаргоҳи нафақат мамлакатнинг Шарқий Қораденгиз минтақаси ривожига хизмат қилади, балки қўшни Грузия билан алоқани ҳам осонлаштиради.
Эрдўғон Адолат ва Тараққиёт партияси ҳукмронлиги йилларида Туркияда аэропортлар сони 26 тадан 58 тага кўпайганини таъкидлаб ўтди: “Сўнгги йилларда нафақат янги ҳаво портлари, балки мавжудларининг бир қисми ҳам қурилди, капитал таъмирланди”, деди у.
Туркия раҳбари янги Ризе-Артвин аэропорти қурилишига 4,4 миллиард турк лираси сарфланганини айтди. Ўз навбатида Алиев “Озарбайжон ва Туркия нафақат дўст ва қардош давлатлар, балки иттифоқчилар ҳамдир”, деб таъкидлади.
Маълумот учун: умумий майдони 3 миллион квадрат метр бўлган янги аэропорт, йилига 3 миллионга яқин йўловчига хизмат кўрсатади.
Кенглиги 45 метр ва узунлиги 3 км. бўлган ҳаво бандаргоҳининг учиш-қўниш йўлаги мамлакатдаги денгиз қирғоғида қурилган иккинчи энг узун учиш-қўниш йўлаги ҳисобланади. Маълум қилинишича, бугун дунёда учиш-қўниш йўлаги денгиз қирғоғида қурилган бор-йўғи бешта аэропорт бор – улардан иккитаси Туркияда.
Ҳаво бандаргоҳига кириш чой барги шаклида қурилган, назорат минораси эса чой стакани шаклида қурилган - бу аҳоли учун асосий даромад манбаларидан бири бўлган чойчиликка ҳурмат.
Туркия ҳукумати қарори билан Ризе-Артвин аэропорти халқаро ҳаво бандаргоҳи мақомини олди.






