1

Навоийдаги колонияларда жазо муддатини ўтаётган Аҳмадбой, Отабек Сатторий ва Фозилхўжа Орифхўжаев ҳақида маълумот берилди

ЖАМИЯТ 19.05.2022, 18:57
Навоийдаги колонияларда жазо муддатини ўтаётган Аҳмадбой, Отабек Сатторий ва Фозилхўжа Орифхўжаев ҳақида маълумот берилди

Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили қошидаги Миллий превентив механизмлар бўйича ишчи гуруҳи Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларига сафар қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти матбуот хизмати маълум қилди.

Ишчи гуруҳ муассасаларнинг ҳолати ва у ердаги жазо ўтаётган шахслар ҳолидан хабар олди.

Гуруҳ таркибида омбудсман вакиллари, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти ҳамда «Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмаси вакиллари (фақат Зарафшондаги колонияда – «Эзгулик») бор эди.

Учрашувларда иштирок этган «Эзгулик» жамияти раиси ўринбосари Бекзод Нурматовга кўра, Зарафшондаги колония 2200 кишига мўлжалланган. Ҳозирда бу ерда 684 нафар маҳкум жазо муддатларини ўтамоқда, уларнинг 27 таси диний радикал оқимларга мансубликда айбланган. Мазкур шаҳардаги 36-сонли манзил колония эса 450 кишини сиғдира олади. Бу ерда 272 нафар маҳкум бор.

Бу колония 2200 кишига мўлжалланган, айни пайтда эса 1123 нафар маҳбус бор. Уларнинг 62 нафари диний экстремистик оқимларга мансуб.

Қаттиқ тартибли бу колонияда таниқли блогер Фозилхўжа Орифхўжаев билан учрашди. «Қамоқхона шароитидан шикоятим йўқ. Пластик цехида уста бўлиб ишлаяпман. Аммо суд ҳукмидан норозиман ва мен қамалишим керакмасди» – дейди Фозилхўжа.

Колония маъмуриятига кўра, бу ерга диний уламо Аброр Мухтор Алий келиб маърузалар қилади. Пирамидачи Аҳмадбой эса «сангород»да соғлиғини тикламоқда.

Навоий шаҳридаги 12-сонли қаттиқ тартибли колония эса 1600 кишилик, бу ерда ҳозирча 1070 маҳкум бор. Ҳозирда бу ерда 1146 нафар маҳкум бор. Уларнинг 60 таси радикал оқимлар фаоллари бўлган. Блогер Акмал Шарипов ҳам шу ерда экан. Оиласи билан узоқ муддатли учрашувда экани сабабли у билан учрашишнинг имкони бўлмаган. У яқин 2 ой ичида озодликка чиқарилиши мумкин экан.

Мазкур шаҳардаги 4-сонли умумий тартибли колонияга эса 1800 киши сиғади. Колонияда блогер Отабек Сатторий жазо муддатини ўтамоқда. У қурилиш молларига нақш босувчи цехда оператор. «Эзгулик» фаоли билан учрашувда ўзининг ноҳақ қамалгани, судларнинг адолатсизлигини таъкидлаган блогер оилада ёлғиз боқувчи эканини, озодликка чиқиш учун курашаётгани ва фақат президент Мирзиёевга ишонишини таъкидлаган.

Мониторинг натижаларига кўра, қамоқхоналарнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ош-овқати сифатини яхшилашга уринишмоқда. Шикоятларнинг асосий қисми суд ҳукмларининг адолатсизлигидан. Энг ёмон кўрсаткич — маҳкумларнинг катта қисмини ёшларнинг ташкил қилишидир.

Қийноқ ва ноинсоний муомала турлари бўйича ҳозирча шикоят йўқ. Аммо айрим маҳкумлар бундай ҳолатларни Бухородаги колонияларда, Қаршидаги жазони ижро этиш муассасаларида эшитилаётгани ҳақида гапиришган. «Кўрамиз, у томонларга ҳам сафар режалаштириш ниятимиз бор» — дейди гуруҳ аъзолари.

«Эзгулик» жазони ижро этиш муассасаларига сафарни ташкил қилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари вакили идорасига миннатдорчилик билдиради», – дейилади хабарда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1