АсосийDunyo

Озарбайжоннинг Шемаха шаҳри 2023 йил учун туркий дунёнинг туристик пойтахти деб эълон қилинди (видео)

'Озарбайжоннинг Шемаха шаҳри 2023 йил учун туркий дунёнинг туристик пойтахти деб эълон қилинди (видео)'ning rasmi

Шемаха шаҳри Буюк Ипак йўлида жойлашган тарихий ва туристик аҳамиятга эга муҳим шаҳарлардан биридир. Айнан шунинг учун ҳам у 2023 йилда Турк дунёсининг туристик пойтахти деб эълон қилинди. Бу бўйича тегишли қарор Шемахада бўлиб ўтган туризм вазирларининг 7-йиғилиши ва Туркий тилли давлатлар ташкилоти туризм бўйича ишчи гуруҳининг 17-йиғилишида қабул қилинди.

Тадбирда ташкилот бош котиби Бағдод Амреев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири ўринбосари Нодир Алпаслан, Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазири ўринбосари Ержан Еркинбоев иштирок этишган. Туркманистоннинг Озарбайжондаги элчиси Мекан Ишангулиев, шунингдек, Венгриянинг Бокудаги элчиси Виктор Седеркений ҳам шулар жумласидан.

Маълумотга кўра, йиғилиш иштирокчилари кўп миллатли "Замонавий ипак йўли" сифатида қўшма туризм маҳсулотларини яратиш бўйича ишларни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлашган. 

"Тадбирда "Турк дунёси туризм пойтахти ташаббуси" қоидалари тасдиқланди ва "Туркий тилли давлатлар ташкилотининг туризм бўйича йўл харитаси" қабул қилинди",- деб хабар беради Озарбайжон давлат туризм агентлиги.

Унда сўзга чиққан ташкилот бош котиби Бағдод Амреев аъзо давлатлар ўртасидаги барча даражадаги алоқаларнинг ривожланиши туризмга ижобий таъсир кўрсатаётганини айтган. Шемахани 2023 йил учун Турк дунёсининг туристик пойтахти деб эълон қилингани билан табриклаб, ушбу ташаббуснинг давом этиши аъзо давлатлар ўртасида ўзаро хабардорликни оширишга хизмат қилишини таъкидлаган.

Учрашувда, шунингдек, Туркманистондан элчи Мекан Ишангулиев иштирок этгани айтилади. Бундан ташқари, Туркманистон Маданият вазири ўринбосари Нурсахет Ширимов ҳам онлайн тарзда тадбирга қўшилган.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар