Ўзбекистоннинг Соғлиқни сақлаш бутунжаҳон ассамблеяси 75-сессиясидаги иштироки доирасида соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаевнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрес Гебреесус билан икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Учрашув чоғида Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан батафсил таништирилди.
COVAX ташаббуси доирасида вакциналардан тенг фойдаланиш таъминланишига кўмаклашгани учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистонга миннатдорлик билдирилди.
Республикамизнинг ЖССТ билан ҳамкорлигини янада кенгайтириш ҳамда мамлакатда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган барча ўзгаришлар мажмуи билан танишиши учун бош директор яқин вақт оралиғида шахсан Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қилинди.
ЖССТ раҳбари ўзининг яқинда Женевада Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувини алоҳида илиқлик билан ёдга олди.
Кейинги йиллар давомида соғлиқни сақлаш тизими салмоқли даражада яхшилангани ва соғлиқни сақлаш соҳасида бошланган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда ташкилот экспертлари Ўзбекистон ҳукуматига ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр эканлиги қайд этилди.






