Кеча, 30 май куни “Мудофаа вазирлиги тизимида ҳарбий таълим: ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалалари. Олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни қабул қилиш тартиби” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Олий ҳарбий таълим муассасаларига танлов тадбирлари ўтган йилгиларидан фарқли равишда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги қарори билан амалга киритилган янги методикага мувофиқ амалга оширилмоқда. Унга кўра, танлов босқичлари ўтган йилгилардан фарқли равишда соддалаштирилган, бюрократия ва инсон омилини аралашувига чек қўйилган.
Танлов тадбирлари ўқишга киргунга қадар йил давомида ўтказиладиган ҳарбий-профессионал йўналтириш билан бошланади. Мазкур жараёнда ўқувчи ёшларнинг фахрийлар, ҳарбий қисм ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларининг вакиллари билан учрашувлари ва давра суҳбатлари ўтказилади. Бунда уларга офицер касби, ўқишга кириш тартиби тўғрисида тушунтиришлар берилади.
Дастлабки саралаб олиш тадбирлари икки босқичда ўтказилади:
а) биринчи босқич 1 февралдан 10 апрелга қадар фуқаро ёшлар (талабалар) учун — мудофаа ишларибўлимларида, ҳарбий хизматчилар учун — хизматни ўташ жойида ўтказилади.
б) иккинчи босқич 11 апрелдан 31 майгача фуқаро ёшлар (талабалар) ва ҳарбий хизматчилар учун – мудофаа ишлари бошқармалари ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-тиббий муассасаларида ўтказилади.
Танлов босқичларидан муваффақиятли ўтган номзодлар тест синовларига қўйилади.
Маълумот учун:
Юртимизда Мудофаа вазирлиги тасарруфида Қуролли Кучлар академияси, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти,Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юрти, Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий тиббиёт академияси каби олий ҳарбий таълим муассасалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази, Мудофаа вазирлиги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ҳарбий таълим муассасалари мавжуд.






