АсосийЖАМИЯТ

“Конституцияда интернетдан фойдаланишни фақат суд томонидан чеклаш тартиби ва асосларини мустаҳкамлаш лозим”

Бугунги кунда Конституциявий комиссия ўз фаолиятининг фаол босқичига қадам қўйди. Аҳолидан...

'“Конституцияда интернетдан фойдаланишни фақат суд томонидан чеклаш тартиби ва асосларини мустаҳкамлаш лозим”'ning rasmi

Бугунги кунда Конституциявий комиссия ўз фаолиятининг фаол босқичига қадам қўйди. Аҳолидан келиб тушган таклифлар бўйича дастлабки муҳокамалар бошланди. Булар қанчалик муҳим? Улар замон талабларига мосми? Юридик фанлар доктори, профессор Абдулазиз Расулев ва юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Шоҳжаҳон Хўжаев мазкур масалалар бўйича фикрлари билан ўртоқлашди.

Глобаллашув даврида инсоннинг ахборот олиш ҳуқуқи ва ахборот ресурсларидан фойдаланиш эркинлиги муҳим қадриятлардан бири саналади. Келиб тушган масалалар орасида Интернетдан фойдаланиш эркинлиги тўғрисидаги таклифни алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқ. Ҳақиқатан ҳам, бу таклиф муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда ахборотлаштириш соҳасида 30 та қонун, 50 дан ортиқ Президент ҳужжатлари ва 100 га яқин Ҳукумат қарорлари қабул қилинган. Уларни уйғунлаштириш учун ҳам мазкур йўналишдаги асосий ғоя Конституцияда акс этиши керак.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 27 миллиондан ортиқ киши Интернетдан фойдаланмоқда, бу эса мамлакат аҳолисининг 77 фоизини ташкил қилади. Айниқса, коронавирус пандемияси даврида Интернет ахборот олиш ва тарқатишнинг асосий манбаи сифатида хизмат қилди.

Биз ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари ва Интернетдан фойдаланиш эркинлигига бўлган ҳуқуқни мустаҳкамлаш тўғрисидаги таклифни қуйидагиларга асосан долзарб, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, жаҳон ҳамжамияти томонидан Интернетдан фойдаланиш эркинлигини мустаҳкамлаш аллақачон инсоннинг асосий ҳуқуқи сифатида эътироф этилган. Ахборот ва ғояларни ҳар қандай воситалар билан қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлиги 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мустаҳкамланган. БМТ глобаллашувни инобатга олган ҳолда, 2011 йилда Интернетдан фойдаланиш ҳуқуқини ажралмас ҳуқуқ сифатида тан олди, кейинчалик БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши фундаментал инсон ҳуқуқлари рўйхатидаги бандлардан бири сифатида Интернетдан эркин фойдаланишни киритиш лозимлигини қайд этди. Интернетда мулоқот эркинлиги тўғрисидаги Страсбург декларацияси Интернет эркинлигинининг етти тамойилини ўз ичига олган. Хусусан, олдиндан давлат назоратининг йўқлиги, одамларнинг ахборот жамиятида иштирок этишидаги тўсиқларни олиб ташлаш, Интернет орқали хизмат кўрсатиш эркинлиги.

Иккинчидан, интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқи Эстония, Финляндия, Франция, Греция ва Испаниянинг Асосий қонунларида мустаҳкамланган. Германия Конституциясининг 5-моддасига кўра, ҳар ким ўз фикрини оғзаки, ёзма ва тасвирлар орқали эркин ифода этиш ва тарқатиш, шунингдек, оммавий мавжуд манбалардан эркин маълумот олиш ҳуқуқига эга.

Финляндия Конституцияси олдиндан назорат қилинмасдан маълумот, фикр ва бошқа алоқаларни ифодалаш, нашр этиш ва олиш ҳуқуқини ўз ичига олган сўз эркинлигини кафолатлайди.

Испания Конституцияси ҳар қандай тарқатиш воситаси орқали ишончли маълумотларни бепул узатиш ва олишни кафолатлайди.

Греция Конституциясининг 5а-моддасига кўра, ҳар ким ахборот жамиятида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Ахборотдан электрон шаклда фойдаланиш, шунингдек, уни излаш, алмашиш ва тарқатишни таъминлаш давлатнинг зиммасидадир.

Учинчидан, Интернетдан фойдаланиш эркинлигини таъминлаш веб-сайтларни ва Интернет ресурсларини “блоклаш” билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилади. Конституцияда Интернетдан фойдаланишни фақат суд томонидан чеклаш тартиби ва асосларини мустаҳкамлаш лозим. Суд муайян ҳолатларда бундай ҳуқуқни амалга оширишни чеклаши керак. Мазкур ҳолатлар ҳам аниқ белгиланиши лозим, акс ҳолда бу ҳолатлар амалиётда асоссиз равишда кенгайтириладиган тарзда талқин қилинишига олиб келиши мумкин.

Тўртинчидан, ахборот ресурсларидан фойдаланиш эркинлиги ҳам сўз эркинлигини таъминлаш учун қулай муҳит яратади. Интернет тармоғининг ОАВ ва фаол фойдаланувчилари фаолияти самарали жамоатчилик назорати воситаси бўлиб хизмат қилади. Ўз навбатида, соғлом муҳит журналистлар ва ОАВларининг мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ушбу масалани Конституция даражасида мустаҳкамлаш қўйидагилар:

– ахборот ресурслари ва Интернетдан фойдаланиш ҳуқуқини узвий ҳуқуқ сифатида тан олиш (демак, бу ҳуқуқлар фақат суд томонидан ва қонунда белгиланган тартибда чекланиши мумкин);

– инсоннинг бошқа ҳуқуқларини самарали амалга ошириш (ахборот ва ғояларни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқини ўз ичига олган ахборотдан фойдаланиш эркинлиги бўлмаган тақдирда, уларнинг ҳуқуқларини амалда ҳимоя қилиш, шунингдек, жамоатчилик назоратини амалга ошириш мумкин эмас);

– ахборот ресурслари ва Интернетдан фойдаланиш эркинлигига оид меъёрларни сўз эркинлиги ва демократия тамойиллари билан уйғунлаштиришга имкон беради.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, глобаллашув ва рақамлаштириш даврида ахборотни излаш ва ахборот ресурсларидан, шу жумладан, Интернетдан фойдаланиш эркинлигининг конституциявий кафолати энг муҳим қоидалардан биридир. Конституция даражасидаги бундай кафолат ҳукуматнинг сиёсий иродасини ифодалашга ва мустаҳкамлашга имкон беради.

 

    Бошқа янгиликлар