18 сентябрь куни кечқурун Тошкент шаҳри атмосфера ҳавосида PM2.5 ва айниқса PM10 заррачалари миқдори кескин ошди. Айрим ҳудудларда PM10 концентрацияси 555,3 мкг/м³ гача етган. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Автоматик мониторинг станцияларига кўра, ифлосланиш 18:00 дан кейин бошланган ва 21:00–23:00 оралиғида юқори даражага чиққан. Соат 22:00 да PM2.5 ўртача 74,5 мкг/м³, PM10 эса 243,6 мкг/м³ ни ташкил этган.
Мутахассислар Мирзо Улуғбек туманида ҳам кўчма ускуналар ёрдамида ўлчовлар ўтказган. Газсимон ифлослантирувчи моддаларнинг максимал концентрациялари белгиланган меъёрлардан ошмаган.
Қайд этилишича, ҳолатга узоқ давом этган қуруқ об-ҳаво, йўл ва тупроқ юзасидан чанг кўтарилиши, ҳарорат инверсияси ҳамда ҳаво алмашинувининг сусайиши сабаб бўлган. 23:00 дан кейин PM2.5 ва PM10 миқдори пасая бошлаган.
Прогнозларга кўра, 19 сентябрь кечқурундан 20 сентябрь тонгигача Тошкентда ҳаво сифати вақтинча ёмонлашиб, AQI 101–150 даражага етиши мумкин. Тонгга бориб ҳаво сифати "ўртача" даражага қайтиши кутилмоқда.
Айни вақтда пойтахт ҳавоси сифати Махсус комиссия томонидан доимий назорат қилинмоқда.






