АсосийЖАМИЯТ

Ҳазрат Султон чўққиси, музлайдиган Сувтушар шаршараси, тоғлар бағридаги Ғилон ва... Қашқадарёда 17 та йирик туристик объект туристларни ўзида қабул қилмоқда

Қашқадарё вилоятида ҳам туризмни стратегик даражага кўтариш, ички туризм ҳажмини кескин кў...

'Ҳазрат Султон чўққиси, музлайдиган Сувтушар шаршараси, тоғлар бағридаги Ғилон ва... Қашқадарёда 17 та йирик туристик объект туристларни ўзида қабул қилмоқда'ning rasmi

Қашқадарё вилоятида ҳам туризмни стратегик даражага кўтариш, ички туризм ҳажмини кескин кўпайтириш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, тақдим этилаётган туризм хизматлари сифатини яхшилаш, туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча имкониятлар яратиш, шунингдек, аҳолини иш билан таъминлаш ва уларнинг даромад манбаини кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, бугунги кунда вилоятда 48 та меҳмонхона, 194 та меҳмон уйлари, 16 та ҳостел туристик қатлам учун хизмат кўрсатмоқда. Ҳудудда 17 та йирик туристик объект мавжуд бўлиб, йил давомида 700 мингдан ортиқ туристларни ўзида қабул қилади.

Шаҳрисабз -Китоб-Чироқчи туманлари маршрутидаги туристик объектлар:

Шаҳрисабзнинг тарихий марказида қадимги шаҳарга тегишли турли хил меъморчилик ёдгорликлари шаҳар тарихининг далили сифатида сақланиб қолган. Улар орасида Оқсарой ва Кўк Гумбаз масжидини ажратиб кўрсатиш мумкин.

Хўжа Илм Кон хонақоси 1345 йилда бунёд этилган бўлиб, Китоб туманида жойлашган. Бу қадамжога Ислом сўфийлик тариқати аъзоси Хўжа Абдубоқи – кейинчалик Хўжа Илм Кон номи билан машҳур бўлган уламо дафн этилган.  

Ушбу ҳудудда жойлашган Ҳазрат Султон чўққисининг баландлиги денгиз сатҳидан ҳисоблаганда, 4 688 метрни ташкил этади. Ушбу чўққи Ҳисор тоғ тизмасидаги сувайирғичнинг жанубий қисмида, Киштут дарёсининг бошланиш қисмида жойлашган. Чўққи атрофдаги ҳудудлардан тик қурумли қоялар ҳосил қилиб кўтарилган. Чўққининг ёнидан оқиб ўтувчи ва шу ҳудуддан бошланувчи дарёлар ҳавзасида абадий қор ва музликлар ястаниб ётибди.

Сувтушар шаршараси вилоятнинг жанубида жойлашган бўлиб, баландлиги 84 метрни ташкил этади. Қаттиқ совуқ туфайли шаршара музга айланади. Қўриқхона илмий ходимининг маълум қилишича, шаршаранинг музлаши ҳар йил январь ойида кузатилади. Ҳаво ҳарорати 18-20 даражага совиши натижасида бундай ҳодиса содир бўлади.

Шунингдек, гўзал табиати билан машҳур – денгиз сатҳидан 2250 метр баландликда, пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган Ғилонга ташриф буюрган ҳар қандай сайёҳ олам-олам таассуротлар оғушида қолади. Қишлоқ аҳли асосан боғдорчилик, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади.

Бундан ташқари, Қарши-Косон-Касби маршрутида Абул Муъийн Ан-Насафий, Султон Мир Ҳайдар, Қусам шайх ота, Шайх Шибли, Ер қўрғон архиалогик мажмуаси каби туристик объектлар мавжуд бўлса, Қарши-Яккабоғ маршрутида “Абу Убайда ал Жарроҳ”, “Тутак ота”, “Одина масжид” зиёратгоҳлари, Оқ камар шаршараси ҳамда “Қоплон дара” экотуристик объектлари аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

 

    Бошқа янгиликлар