АсосийЖАМИЯТ

Тошкентдаги Ботаника боғида Халқаро йога кунини нишонланди

Ўзбекистон билан Ҳиндистонни кўп асрлик тарихий, маданий-маънавий алоқалар боғлаб туради....

'Тошкентдаги Ботаника боғида Халқаро йога кунини нишонланди'ning rasmi

Ўзбекистон билан Ҳиндистонни кўп асрлик тарихий, маданий-маънавий алоқалар боғлаб туради. Минг йиллар давомида икки халқ маданияти бир-бирига уйғун тарзда шаклланган ва ривожланган. Aйниқса, меъморлик анъаналари, адабий мерос ва халқ оғзаки ижодида уйғун жиҳатлар кўп. Aлишер Навоий, Мирзо Ғолиб каби буюк алломаларимиз халқларимиз учун бирдай машҳур ва ардоқли. 

Тошкент шаҳрида Лаъл Баҳодур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази фаолият юритмоқда. Ушбу марказ ҳинд тили, маданияти, урф-одатлари билан яқиндан танишиш истагида бўлганлар учун доимо очиқ. Бундан ташқари, марказ Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам халқларимиз маънавий алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиб келмоқда.

Мана шундай тадбирлардан бири 2022 йил 21 июнь куни пойтахтдаги Ботаника боғида ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистонда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу соғломлаштириш акцияси Халқаро йога кунини нишонлаш, бой тарихий ва маданий меросни, соғлом турмуш тарзини, маданиятлар хилма-хиллигини тарғиб этиш мақсадида уюштирилди. Унда Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази қатнашди.

Йога билан шуғулланиш қадимдан ҳаётда яхлитликни топиш ва жисмоний саломатликни мустаҳкамлаш имконини берувчи машғулотдир. У инсонларнинг ёши, жинси, диний эътиқоди ва жисмоний тайёргарлигидан қатъий назар барчага мос келаётган ва у дунёда тобора кенг тарқалаётган машғулот турларидан биридир.Йога организмни соғломлаштириш бўйича ноёб тизим деб аталади. У ички гармонияни топиш ва барча органларнинг ишини яхшилаш имконини беради. Йога фаласафаси зарарли одатлардан қутулиш ва соғлом турмуш тарзига қўшилишга ёрдам беради.

Мазкур тадбир давомида сўзга чиққанлар, Тошкент шаҳри хокими, Ўзбекистон Йога федерацияси раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адхам Икромов, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабхат, Лал Баҳодир Шастри номидаги Ҳинд маданияти маркази директори Чандер Шекхар, Ўзбекистонда давлат томонидан соғлом турмуш тарзини оммалаштириш масалаларига катта аҳамият берилаётганлигини, мазкур соғломлаштириш акцияси ўзбек-ҳинд муносабатларини янада мустаҳкамлашини, икки халқ ўртасидаги маданиятлар хилма-хиллигига ўзаро ҳурмат тамойилини янада оммалаштиришга ҳизмат қилишини таъкидладилар.

Ушбу тадбир давомида Тошкентдаги Лал Баҳодир Шастри номидаги ҳинд маданият маркази вакили, Йога бўйича ўқитувчи-мутахассис  томонидан маҳорат дарси намойиш этилди.

Тадбирда 3000 дан зиёд йога иҳлосмандлари қатнашди.

Ишонч билан айтиш мумкинки, бу каби тадбирлар икки мамлакатнинг кўп асрлик дўстона ҳамкорликка асосланган юксак даражадаги сиёсий ва дипломатик алоқаларини янада юқори босқичга кўтаради.

Бошқа янгиликлар