Ливиянинг шарқида жойлашган Бенғози денгиз базасида Россия ҳарбий кемасига денгиз дронлари билан ҳужум қилингани тахмин қилинмоқда. Ҳодиса оқибатида Россия ҳарбий-денгиз кучларига тегишли “Меркурий” корвети жиддий шикастланган, база ҳудудида эса ёнғин чиққан. Бу ҳақда “Associated Press” агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 22 ноябрь куни содир бўлган. Ливиянинг икки нафар ҳарбий расмийси дастлабки тергов натижаларига таяниб, кемага Украина кучлари назоратидаги база томонидан бир нечта денгиз дрони учирилганини билдирган.
Уларнинг сўзларига кўра, ҳужум вақтида камида тўртта дрон тутиб қолинган ва йўқ қилинган. Яна иккитаси эса бевосита ҳарбий кемага бориб урилган. Бунинг оқибатида “Меркурий” корвети жиддий зарар кўрган ва денгиз базасида ёнғин юзага келган.
Маълумот берган ҳарбийлар Ливия шарқи ва жанубини назорат қилувчи, ўзини Ливия миллий армияси деб атайдиган тузилма вакиллари ҳисобланади. Улар журналистлар билан суҳбатда расмий изоҳ бериш ваколатига эга эмасликлари сабабли исмларини ошкор қилмасликни сўраган.
Ливиянинг шарқий қисмидаги маъмурият ҳам 22 ноябрь куни денгиз базасида портлаш ва ёнғин содир бўлганини тасдиқлаган. Қайд этилишича, кейинчалик ёнғин ўчирилган.
“Алмасар” сунъий йўлдош телеканали ёнғин ичида қолган кеманинг видеотасвирларини намойиш этган. Телеканал маълумотига кўра, Ливия денгиз кучлари Мальта байроғи остида ҳаракатланаётган кема экипажини ҳам қутқарган.
Расмий баёнотда Россия кемаси икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик келишуви доирасида ёқилғи қуйиш ва зарур таъминотни олиш учун базага киргани айтилган. Бироқ унинг юки ва бошқа тафсилотлари ҳақида маълумот берилмаган.
Ҳодиса юзасидан Россия билан биргаликда қўшма тергов бошланган. Терговдан мақсад ҳужумнинг келиб чиқиш сабаблари ва уни амалга оширган томонни аниқлашдир. Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Россия ва Украина расмийлари ҳам воқеага муносабат билдирмаган.
Европалик расмийлардан бири Бенғози портида Россия кемаси иштирокида портлаш содир бўлгани ҳақидаги хабарлар ишончли кўринаётганини айтган. У кеманинг Россия корвети экани аниқланганини, бироқ портлаш сабаблари ҳозирча номаълумлигини билдирган.
Ливиянинг ғарбидаги ҳукумат эса мамлакат портлари ва фуқаролик объектларининг ташқи можароларга жалб этилишидан хавотир билдирган. Баёнотда Ливияни халқаро можаролар майдонига айлантиришга қатъий қаршилик билдирилган.
“Ҳукумат Ливияни халқаро можаролар майдонига ёки ташқи кучлар ўзаро ҳисоб-китоб қиладиган ҳудудга айлантиришга қатъий қаршилигини яна бир бор тасдиқлайди”, дейилади баёнотда.
Қайд этиш жоизки, бу Ливия ҳудудида Россия кемасига қарши амалга оширилган илк гумонли ҳужум эмас. Нашр маълумотларига кўра, жорий йил март ойида ҳам Ливиянинг ғарбий қисмида яширин келишув асосида фаолият юритаётган Украина кучлари Ўрта ер денгизида, Мальта сувлари яқинида Россия танкерини денгиз дронлари билан нишонга олганликда гумон қилинган.
“Associated Press” агентлиги ёзишича, асосан дронлар бўйича мутахассислардан иборат Украина кучлари Ливиянинг Мисрата шаҳридаги ҳарбий-ҳаво базасида фаолият юритган. Шунингдек, улар пойтахт Триполи ва соҳил бўйидаги Завия шаҳрида жойлашган бошқа ҳарбий объектларда ҳам бўлган.
Маълумот учун, Ливияда Муаммар Қаддофий ҳокимияти 2011 йилда НАТО қўллаб-қувватлаган қўзғолон натижасида ағдарилганидан кейин мамлакатда сиёсий бўлиниш сақланиб қолган. Ҳозирда мамлакат ғарбида БМТ томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳукумат, шарқида эса унга рақиб маъмурият фаолият юритади.






