1

"Ўзгидромет" июль ойида кутилаётган об-ҳаво бўйича маълумот берди

ЖАМИЯТ 01.07.2022, 15:07
"Ўзгидромет" июль ойида кутилаётган об-ҳаво бўйича маълумот берди

АОКАда "Ўзгидромет" маркази ахборот хизмати раҳбари Муниса Асилхўжаева иштирокида брифинг ўтказилди.

 Жорий йилнинг 3 июль Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, 4-5 июль кунлари республиканинг барча ҳудудларига Волга бўйи ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво кириб келиши натижасида кундузги ҳаво ҳарорати 30-35 градусгача пасаяди.

3-5 июлда фронт кириб келиши ҳисобига республика бўйича баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг тўзонлари кузатилиши кутилмоқда.

3 июль Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида;

3-4 июль Бухоро, Навоий вилоятларида;

4-5 июль Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида

ва Фарғона водийси вилоятларида эса айрим жойларда шамол кучайиши 25-28 м/с га етиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз 27-28 июнь кунлари шимолда ва чўл ҳудудларда, 29 июнда ҳудудларнинг катта қисмида иссиқ максимал даражага етди. Ушбу кунларда термометр устуни куннинг иккини яримида 40-42о гача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 44-46о гача кўтарилди. Қизилқумнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 47о га етди, бу метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг юқори июнь ойи қийматларига яқинлашди. Хоразм вилоятида, Қорақалпоғистоннинг, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларининг айрим туманларида июнь ойи учун максимал ҳаво ҳарорати бўйича янги рекордлар ўрнатилди.

30 июнда республика ҳудудининг катта қисмида ҳароратнинг бироз пасайиши бошланди ва у 1 июль кунида ҳам давом этади.

Юқорида таъкидланганидек кейинги кунларда бизни нисбатан салқин ҳаво кутмоқда.

 Июль ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунлигида ҳарорат асосан

35-38о атрофида бўлиши, айрим кунлари баъзи жойларда 40-42о гача кўтарилиши кутилмоқда.

Июль ойида ёмғир ёғиш эҳтимоли кам, фақат тоғ олди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда 2-4 кун қисқа муддатли момақалдироқли ёмғир ёғиши мумкин.

Ўзбекистон аҳолисида қадимдан жазирама иссиқда ўзини тутиш маданияти шаклланган. Аммо ёзнинг иссиқ кунларида хатти-ҳаракатларнинг баъзи асосий қоидалари ҳақида биз сизга яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Қуёшда узоқ вақт қолмасликка ҳаракат қилинг, айниқса куннинг ўртасида. Агар бу иложиси бўлмаса, танани ва бошни тўғридан-тўғри қуёш нурларидан ҳимоя қилишга ҳаракат қилинг.

Кўп суюқлик ичинг, музлатгичдан музли ичимликлар эмас, балки илиқ сув ёки энг яхшиси кўк чой ичинг.

Кўпроқ мева, сабзавотларни истеъмол қилинг. Жуда аччиқ ва ёғли овқатларни итеъмол қилмасликка ҳаракат қилинг. Совутиш мосламалари билан жиҳозланмаган дўконлардан маҳсулотларни харид қилманг - улар қуёшда қанча вақт бўлганини билмайсизку.

Кондиционерли хонада бўлганингизда, тўғридан-тўғри совуқ ҳаво оқими тагида ўтирманг ва кондиционерни 18 даражадан паст бўлмаган ҳароратга “дастурланг”.

Юрак-қон томир касалликлари бор инсонлар дори-дармонларни қабул қилиш бўйича шифокор билан маслаҳатлашишлари керак.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1