Ўзбекистонда реклама ва ташқи ёзувларни давлат тили талабларига мувофиқлаштириш бўйича ўтказилган мониторингларда 4 496 та камчилик аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, йил бошидан буён республика бўйлаб жами 16 057 та мониторинг ўтказилган. Аниқланган камчиликларнинг 2 344 таси пешлавҳа, ташқи ёзув ва эълонларда матнларнинг хорижий тилларда берилиши билан боғлиқ. Яна 975 та ҳолатда ташқи реклама матнлари бошқа тилларда жойлаштирилган.
Шунингдек, пешлавҳа, ташқи ёзув ва эълонларда 841 та, ташқи реклама воситаларида эса 336 та ҳолатда сўзларнинг маъноси бузилгани ва имловий хатоларга йўл қўйилгани қайд этилган.
Қўмита аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрган. Мониторинг давомида гўзаллик салонлари, автосервислар ва қурилиш материаллари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларга реклама жойлаштиришда қонунчилик талабларига риоя қилиш бўйича тушунтиришлар берилган.
«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилиши керак. Реклама матни белгиланган талабларга мувофиқ бошқа тилларда ҳам берилиши мумкин. Бунда қонуний рўйхатдан ўтказилган товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгиларининг асл шакли сақланиши лозим.






