Sevimli

"245 нафар шахс, жумладан 38 нафар орган ходими жароҳатланди". Нукусдаги оммавий тартибсизликлар тафсилотлари маълум қилинди

ЖАМИЯТ 04.07.2022, 13:05
"245 нафар шахс, жумладан 38 нафар орган ходими жароҳатланди". Нукусдаги оммавий тартибсизликлар тафсилотлари маълум қилинди

АОКАда Бош прокуратура томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жорий этилган фавқулодда ҳолат даврида қонунийликни таъминлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар юзасидан брифинг бўлиб ўтди. 

Маълум қилинишича, Нукусда содир бўлган намойишлар юзасидан қонун устуворлиги ва жазо муқарарлигини таъминлаш мақсадида 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159 - моддаси 4 - қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят иши юзасидан тергов ҳамда тезкор - қидирув тадбирлари Бош прокуратура раҳбарлигида тузилган ДХХ, Бош прокуратура, ИИВ, Миллий Гвардия масъул ходимларидан иборат тергов - тезкор гуруҳи томонидан олиб борилмоқда.

Тезкор - тергов гуруҳи фаолияти ҳамда тергов, тезкор - қидирув тадбирлари идоралараро тузилган алоҳида Штаб томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда.

Терговда аниқланишича, 2022 йил 1 июль куни соат 14-50 ларда "Ел хызметинде” газетаси муҳаррири ва блогер Даулетмурат Тажимуратов "Теlеgram” ижтимоий тармоғининг "Маkаn.uz” канали орқали видеомурожаат йўллаб, видеомурожаатида фуқароларни жорий йилнинг 5 июль куни соат 17-00 да "Қорақалпоғистон Республикасининг озодлигини сўраб” Жўқорғи Кенгес биноси олдида митинг ўтказишга даъват қилган.

Шундан кейин ижтимоий тармоқлар орқали қонунга хилоф равишда митинг уюштиришга фуқароларни даъват қилганлиги учун 2022 йил 1 июль куни соат 15-30 ларда Д.Тажимуратов Нукус шаҳар   ИИО   ФМБга   олиб  келинган   ва   ушланган.

Блогер Д.Тажимуратовнинг ИИБ ходимлари томонидан ушлаганлигини билган бир гуруҳ шахслар тартибсизликлар уюштириб, уни озод қилишни талаб қилиб Нукус шаҳридаги ИИВга қарашли 2-сонли тергов ҳибсхонасига ва Нукус шаҳар ИИО ФМБга боришган ва кейинчалик 2022 йил 1 июль куни соат 17-30 ларда Нукус шаҳри марказидаги "Марказий деҳқон бозори” МЧЖ олдидаги автомобиль  йўлида   тартибсизликлар   уюштиришган.

Шундан кейин Д.Тажимуратов Нукус шаҳар ИИО ва ФМБдан озод қилиниб, чиқариб юборилган бўлса-да, Д.Тажимуратов ва унинг тарафдорлари тартибсизликларни яна давом эттириб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб,  Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга ва ҳокимиятни босиб олишга очиқдан - очиқ   даъват   қилишган.

Шундан сўнг, 2022 йил 2 июль куни соат 14:45 да Нукус туманидан тахминан 300 нафар шахс Нукус шаҳар томон ҳаракатланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, Нукус шаҳридаги блок постда хизмат олиб бораётган 50 нафар Миллий Гвардия ходимининг махсус воситаларини (рация, дубинка, каска, шумовая граната, щит)  қўлга   киритган.

Шу куни Хўжайли туманидаги ҳарбий постга номаълум шахслар томонидан хужум уюштирилиб, қурол яроқ тортиб олинган, “Нукус халқаро аэропорти”га, Нукус шаҳридаги маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланувчи Реабилитация марказига Нукус шаҳар   ИИБ   биносига   ҳужумлар   уюштирилган.

Оммавий тартибсизликлар давомида Нукус шаҳридаги «Las Vegas» кафеси ёнида давлат рақами 40 L 340 QA бўлган MAN русумли юк транспорт воситаси, «Эски шаҳар»даги марказий масжид олдида давлат рақами 01 267 UFA бўлган «КамАЗ» русумли юк транспорт воситаси, Шуманай туманидаги «Исмоилов Жаббор-берген» фермер хўжалигига тегишли бўлган вагон ёқиб юборилган.

Нукус шаҳар Спорт комплекси ёнидаги «Дўстлик» канали кўпригига, Нукус шаҳридаги кўплаб бино-иншоотлар ва йўл тўсиқларига  ҳам   кўплаб   талофотлар  етказилган.

Оммавий тартибсизликлар оқибатида ҳозирга қадар аниқланган ҳолатларга кўра, жами 245 нафар шахсга, жумладан 38 нафар ҳуқуқ - тартибот органлари ходимига турли даражадаги тан жароҳатлари етказилган, оғир тан жароҳатлари туфайли 18 нафар   фуқаро вафот этган.

Тергов ва тезкор - қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

"Шу ўринда, мамлакатимиз аҳолиси, оммавий ахборот воситалари, журналистлар, эксперт ва мутахассислар, халқаро ва хорижий ташкилотлар вакилларига алоҳида мурожаат қилмоқчимиз !

Айни кунларда Қорақалпоғистонда рўй берган воқеа - ҳодисалар юзасидан айрим ғаразли кучларнинг ҳақиқатга тўғри келмайдиган, сохта ва уйдирма маълумотлари, миллатлар ўртасида низо ва зиддият уйғотадиган, айирмачилик ҳамда оммавий тартибсизликларга даъват этувчи иғвогорона чақириқлари кўплаб   кузатилмоқда.  

Шу боис, барчангиздан бундай алдов ва уйдирмаларга ишониб қолмасликни, шошқалоқлик билан асоссиз хулоса чиқармасликни, мавжуд вазият, ўтказилаётган тергов ва тезкор - қидирув тадбирлари ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни мазкур Штаб ахборот манбаларидан  олишингизни   сўраймиз" - дейилади расмий мурожаатда. 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Тошкент
+23.97° очиқ ҳаво
Валюта курси
10875.37
USD -10.63
11079.83
EUR -54.37
181.48
RUB 1.02
1