Жорий йилнинг 6 июль куни Брюссель шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (КШҲТБ) имзолаш маросими бўлиб ўтди.


Янги битим Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида 1996 йилда имзоланган амалдаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўрнига ишлаб чиқилган ҳамда икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши кўзда тутилган.
Амалдаги битим асосан сиёсий мулоқот, демократия, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик, маданий алоқаларни илгари суриш, молиявий ва техник ҳамкорлик, инвестициялар, товар ва хизматлар савдоси, шунингдек, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш борасидаги қоидаларни ўз ичига олади.
Эслатма учун, КШҲТБ кенгроқ масалаларни қамраб олади. Улар орасида савдо ва унга тегишли масалалар, шу жумладан, божхона маъмурчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, рақобат ва давлат корхоналарининг фаолияти, давлат харидлари, низоларни ҳал қилиш ва бошқа соҳалар билан боғлиқ қоидалардан иборат.

Маълум қилинишича, янги битим Жаҳон савдо ташкилотининг асосий қоидаларини ўз ичига олгани натижасида инвестициявий шериклик, товарлар, хизматлар ва интеллектуал мулк савдоси соҳаларидаги муносабатлар доираси сезиларли даражада кенгайтирган.
Шунингдек, КШҲТ битими ташқи сиёсат, хавфсизлик, можароларнинг олдини олиш ва рискларни бошқариш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, бошпана бериш ва чегараларни бошқариш, ноқонуний миграция, уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш, терроризмга қарши кураш каби янги соҳаларни ўз ичига олади.
Дилбар Абдунабиева.






