АсосийSiyosat

Марказий Осиё давлатлари президентлари Қирғизистонда йиғилади

'Марказий Осиё давлатлари президентлари Қирғизистонда йиғилади'ning rasmi

Қўшни давлат раҳбарларининг охирги беш йил ичидаги тўртинчи маслаҳат учрашуви 21 июль куни Иссиқкўл бўйида, Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Маълум қилинишича, Қирғиз Республикаси раҳбари Садир Жапаров ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бўлажак йиғилишга тайёргарлик масаласи ва кун тартибини аллақачон муҳокама қилган.

Қайд этилишича, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ҳаммаси тадбирда иштирок этиш таклифини қабул қилган.

Дарвоқе, расман Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви, деб номланган мазкур саммит минтақадаги Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Президентларининг ҳар йили ўтказиладиган учрашуви ҳисобланади.

Таъкидлаш жоиз, Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида маслаҳат учрашувлари ўтказиш ташаббуси билан чиққан.

Қоидага кўра, саммит навбатма-навбат шу беш давлатдан бирида ўтказилади. Биринчи саммит 2018 йил баҳорда Қозоғистон пойтахтида, иккинчиси 2019 йил кузида Тошкентда ташкил этилган. 2020 йил Бишкекда бўлиб ўтиши режалаштирилган, бироқ коронавирус пандемияси туфайли бекор қилинган учинчи анжуманга 2021 йил август ойида Туркманистоннинг Аваза шаҳри мезбонлик қилди. Дастлабки режага кўра, тўртинчи, яъни навбатдаги учрашув, асли, Душанбеда бўлиб ўтиши керак эди.

    Бошқа янгиликлар