Хива реставрация мактаби ташкил этилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 12 июль куни имзоланган Вазирлар Маҳкамасининг қарорида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.
Қарорга кўра, ЮНEСКО кўмагида ташкил этилган ушбу мактабга хориждан ҳам етакчи экспертлар жалб қилинади.
Мактаб фаолияти ЮНEСКО, Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш хақаро кенгаши (ИКОМОС), Маданий бойликларни асраш ва реставрация қілиш халқаро тадқиқот маркази (ИККРОМ), Ўзбекистонда маданий мерос масалалари бўйича ташкил қилинган Халқаро маслаҳат қўмитаси, Агентлик, шу жумладан унинг Илмий-эксперт кенгаши, «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети, Тошкент архитектура-қурилиш институти, Камолиддин Бедзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институти, Самарқанд архитектура-қурилиш институти ҳамда бошқа жисмоний ва юридик шахслар билан ҳамкорликда ташкил этилади.
Мактабнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
– тегишли мутахассислар учун малака ошіриш курсларини ташкил қилиш ва бу курсларга маҳаллий ҳамда чет эллик мутахассисларни жалб этиш
бўйича Марказга таклифлар киритиш;
– «устоз-шогирд» анʼаналарини ривожлантириш ва илмий тадқиқотларни олиб бориш, шунингдек, соҳага янги усул, материал ва технологиялар, хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини татбиқ этиш бўйича илмий-амалий асосланган таклифлар тайёрлаш;
– малака ошириш курсларининг тингловчиларида амалий кўникмаларни ривожлантириш ҳамда улар иштирокида моддий маданий мерос объектларида асрашга доир ишларни амалга оширишни ташкил қілишда кўмаклашиш;
– асрашга доир ишлар соҳасида маҳаллий ва чет эллик экспертлар иштирокида илмий-амалий семинарлар, анжуман ва бошқа тадбирлар ташкил этиш, шунингдек, услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш ва энг яхши тажрибаларни оммалаштиришда иштирок этиш.
Маълумот учун, ўтган йили «Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси» давлат муассасаси ва босқичма-босқич унинг давлат муассасаси шаклида Хива, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Шаҳрисабз ва Қўқон шаҳар минтақавий марказларига асос солинганди. Хива реставрация мактаби дирекциянинг Хива шаҳар минтақавий марказида ташкил этилди.