АсосийСИËСАТ

Шавкат Мирзиёев масъулларга камида 30 йилга етарли сув захирасини яратиш бўйича топшириқ берди

Давлат раҳбари Сурхондарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ичимлик суви таъминотини яхшил...

'Шавкат Мирзиёев масъулларга камида 30 йилга етарли сув захирасини яратиш бўйича топшириқ берди'ning rasmi

Давлат раҳбари Сурхондарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. 

Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидлаб ўтилишича, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида марказлашган ичимлик суви қамровини 87 фоизга етказиш, 155 та туман марказларида оқова сув тизимини янгилаш мақсади белгиланган. Сурхондарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида режалаштирилган лойиҳалар эса шунинг бир қисмидир.

Ўзбекистон етакчиси айнан шу ҳудудларга алоҳида эътибор қаратгани ҳам бежиз эмаслиги айтилмоқда. Сабаби Чуст, Поп, Наманган ва Музработда ичимлик суви таъминоти 50 фоиз бўлиб, аҳволи қолган туманларга нисбатан оғир. Мавжуд тармоқлар ҳам эскирган. Сув қаттиқлиги 1,5 баравар ошгани учун ошқозон-ичак ва урология касалликлари кўпайган.

Янгийўл, Ангрен, Чирчиқ, Олмалиқ ва Бекобод шаҳарларида оқова сув қамрови 60 фоизга ҳам бормайди. Бу кўрсаткич Чуст ва Чиноз туманларида 3 фоиз бўлса, Мингбулоқда умуман йўқ. Охирги йилларда ушбу туман ва шаҳарларда кўплаб уй-жойлар қурилиб, аҳоли сони яна ўсган.

Тақдимотда мутасаддилар томонидан мазкур учта лойиҳа бўйича ахборот берилган.

"Лойиҳаларнинг техник-иқтисодий жиҳатлари муҳокама қилинар экан, Президентимиз “улар учун сув манбаи етарлими” дея савол қўйди. Лойиҳалар доирасида камида 30 йилга етарли сув захирасини яратиш зарурлигини таъкидлади",-дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, шунингдек, кўп жойларда ичимлик суви учун тўлов тушуми тўлиқ эмас. Наманган, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида дебитор қарздорлик 210 миллиард сўмга етган.

Шу боис энергия тежамкор ускуналардан фойдаланиб, сув етказиб бериш харажатларини қисқартириш, йўқотишларни камайтириш вазифаси кўндаланг қўйилган.

Дилбар Абдунабиева.

    Бошқа янгиликлар