Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги Халқаро конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган Афғонистон ташқи ишлар вазири в.б. Амирхон Муттаки билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, учрашувда Афғонистон делегацияси Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича Халқаро конференция ўтказиш ташаббуси ўз вақтида ва зарур эканлиги, бўлажак тадбир жаҳон ҳамжамиятига Афғонистондаги вазият бўйича батафсил маълумот олиш имконини беришини таъкидлади.
Афғонистон мамлакатнинг энг яқин ва ишончли шериги бўлган ва шундай бўлиб қолажак Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттириш ва кенгайтириш тарафдори эканлиги алоҳида таъкидланди.
А.Муттаки Афғонистон ҳудуди бундан буён Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари учун хавф туғдирмаслигини билдирди.
Афғонистон делегацияси раҳбари Ўзбекистон томонига Афғонистонга Термиз шаҳридаги кўп функцияли транспорт-логистика хаби, шунингдек, энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш орқали кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдами учун самимий миннатдорлик билдирди.
В.Норов афғон томонини халқаро ҳамжамиятнинг асосий талабларини тез фурсатларда бажариш, жумладан, кенг вакилликка асосланган ҳукумат тузиш, аёллар ва миллий озчиликлар ҳуқуқларига риоя этиш, қизларнинг тўлақонли мактаб таълими билан таъминлаш бўйича самарали чоралар кўришга чақирди.