Ўзбекистонда йил бошидан буён 50 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Аҳоли сотиб олган уйларнинг 28 фоизи ипотека кредитлари ҳисобига молиялаштирилди. 1 сентябрдан бошлаб хусусий секторда ишлаётган аёлларга ҳам давлат бюджетидан 2 миллион сўмлик ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаб бериш тўғрисида қарор қабул қилинди. Буларнинг барчаси бугун, 26 июль куни Шавкат Мирзиёев бошчилигида бўлиб ўтган муҳокамада таъкидлаб ўтилди.

Муҳокама аҳоли турмушини яхшилаш ва тадбиркорлар фаоллигини оширишга қаратилган таклифлар юзасидан ўтказилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, йиғилишда аҳоли ва бизнесни қийнаб келаётган муаммолар, улар бўйича илгари сурилаётган таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинди.
"Асосли таклифларни қаноатлантириш, одамлар учун қулайликларни ошириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди",-дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, мамлакатда иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётдаги барча соҳалар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулот 5,4 фоиз ўсган. Саноат, қурилиш, савдо ва хизматлар соҳаларидаги ривожланиш суръатлари ҳам, пировардида, аҳоли турмушида намоён бўлмоқда.






