Ҳолат юзасидан вазирлик муносабати эълон қилинди.
Маълум бўлишича, ҳодиса кеча Чуст тумани Мактабгача таълим бўлимига қарашли 64-сонли боғчада юз берган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2017 йилда туғилган А.Ш. жорий йилнинг 1 август куни эрталаб МТТга қабул қилинган. Таълимий фаолиятга яхши қатнашган. Кун тартибига кўра тушлик қилган ва гигиена қоидаларига амал қилгач барча тарбияланувчилар қатори ухлашга ётган.
Тарбиячи уйқудан уйғониш вақти бўлганда аввал қиз болаларни, сўнгра ўғил болаларни ҳожатга олиб чиқиш учун уйқудан уйғотган. Лекин бола бошини кўтарган ва яна ётиб олган. Қизларни ҳожатдан олиб келиб, А.Ш.ни уйғотган. Шунда бола тилини чайнаб юборганлигини кўрган ва зудлик билан ҳамширани олдига биринчи ёрдам кўрсатиш учун кўтариб олиб чиққан.
МТТ ҳамшираси болага биринчи тиббий ёрдамни қилиб зарурий муолажаларни амалга оширган ва тез тиббий ёрдамга хабар берилган. Тиббиёт ходимларининг ҳаракатларига қарамай болакай вафот этган. J22 Қуйи нафас йўлларининг аниқланмаган ўткир респиратор инфекцияси, J81 Ўпка шишиши ўлим сабаби этиб кўрсатилган.
"Ушбу ҳолат юзасидан 2022 йил 2 август куни вилоят Мактабгача таълим бошқармаси тезкор гуруҳи томонидан дастлабки ўрганиш ўтказилди ҳамда тегишли маълумотлар ва ҳужжатлар тўпланди. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ишлари амалга ошмоқда. Тергов натижа якуни бўйича қўшимча маълумот берилади",-дейилади хабарда.