1

"Бу оиланинг жиноий ҳаракатлари ҳақида маълумот тарқатиш ниятимиз йўқ эди"... (видео)

ЖАМИЯТ 03.08.2022, 14:17
"Бу оиланинг жиноий ҳаракатлари ҳақида маълумот тарқатиш ниятимиз йўқ эди"... (видео)

Ижтимоий тармоқларда Андижондан ёш қизалоқ йиғлаб президентга мурожаат йўллагани акс этган видео тарқалди. 

Унда айтилишича, қизалоқнинг яқинларини ички ишлар ходимлари қамаб қўйган ва у бир ярим ойдан бери кўчада қолган.

ИИВ Матбуот хизмати раҳбари ҳолат юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 15 июль куни Андижон вилояти Асака туманида яшовчилар (видеотасвирдаги қизалоқнинг қариндошлари) 1972 й.т. М.М., 1975 й.т. М.С. Асака тумани ҳокимиятига келиб, 2004 й.т. С.И. учун Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июнь кунги 402-сон Қарорига асосан олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга киришга тавсиянома олиш мақсадида, ҳокимият ҳудудида жанжал кўтаришиб, Асака туман ҳокимининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Д.Алиевани жамоат жойида бошқа ташкилот ва муассасалар раҳбарлари кўз олдида ҳеч бир сабабсиз уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, шаъни ва қадр-қимматини камситиб, сочлари ва кийимларидан тортиб, уриб-дўппослашган.

Ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг 2022 йил 20 июнь кунги 786-сонли хулосасига кўра Д.Алиевага “қисқа муддатга соғлиғини бузилишига сабаб бўлган енгил” тан жароҳати етказилган.

Бундан ташқари, юқорида тилга олинган фуқаро М.М. жорий йилнинг 20 июнь куни соат 15:40 да ўғли А.И., қизи З.Ғ. ҳамда жияни С.И.лар билан Асака туманлараро иқтисодий судига келиб, судда “Асакабанк” АЖ филиалидан А.И.га тегишли бўлган “Asaka Bread Svit” МЧЖга 500 млн. сўм кредит ажратиш бўйича қилган мурожаати рад этилганлиги сабабли суд залида “Асакабанк” АЖ Бобур филиали раҳбари Б.Ҳайдаровни ҳақоратлаб, шаъни ва қадр-қимматини камситиб, уриб-дўппослаб, ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг 2022 йил 21 июнь кунги 805-сонли хулосасига кўра, “қисқа муддатга соғлиғини бузилишига сабаб бўлган енгил” тан жароҳати етказишиб, уларни безорилик ҳаракатларини тўҳтатмоқчи бўлган Миллий Гвардия ходимларига фаол қаршилик кўрсатишган.

Маълумот учун, мазкур оила, 2017 йилдан буён амалдаги қонун ҳужжатларини очиқдан-очиқ бузиши, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслиги, фуқаролар ва давлат идораларининг вакиллари билан деярли ҳар куни турли жанжаллар уюштириб юриши, банклардан бир неча маротаба кредит маблағларини олишга эришиб, сўнг банк ва бошқа ходимлар билан айнан кредит қарздорлигини тўламаслик учун жанжаллашиб, уларнинг устидан турли идора ва ташкилотларга тинимсиз мурожаатлар йўллаб (2020-2022 йиллар мобайнида вилоят ИИБнинг ўзига 64 маротаба мурожаат қилган), ўтказилаётган сайёр ва оммавий қабулларга бориб, нотинчликлар ташкил қилиб келиши, доимий равишда норози кайфиятда юриши билан аҳоли ҳамда давлат идораларининг эътиборига тушган.

Масалан, айбланувчи М.М. муқаддам 2016 йил 22 январь куни ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “Б” банди ва 211-моддаси 1-қисми билан судланиб, 1 йил 10 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган, шунингдек, М.М. МЖтКнинг 183-моддаси билан 3 марта, 194-моддаси билан 1 марта, 40-моддаси билан 1 марта, 41-моддаси билан 3 марта, 211-моддаси билан 1 марта маъмурий жавобгарликка тортилган.  

Ҳозирда, фуқаро М.М. Андижон вилоятидаги банклардан жами 738 млн. 210 минг сўм миқдорида кредит маблағларини қўлга киритиб, уларни қасддан тўламасдан келмоқда.

Унинг синглиси (интернет тармоқларида чиқиши уюштирилган қизчанинг онаси) М.С., муқаддам 2006 йил 19 декабрь куни ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми билан судланган.

Жиноят иши бўйича 2022 йил 22 июнь куни, М.М.га нисбатан ЖКнинг 127-моддаси 3-қисми, 140-моддаси 3-қисми “а” банди, 277-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари билан; З.Ғ.га нисбатан ЖКнинг 127-моддаси 3-қисми ва 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан; А.И.га нисбатан ЖКнинг 127-моддаси 3-қисми ва 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан; С.М.га (қизчанинг онаси) нисбатан ЖКнинг 127-моддаси 3-қисми, 140-моддаси 3-қисми “а” банди, 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан; С.И.га нисбатан ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми “а” банди ва 277-моддаси 3-қисми “а, г” бандлари билан айблов эълон қилиниб, шу кунни ўзида М.М., З.Ғ., А.И. ва С.М.ларга нисбатан қамоққа олиш, вояга етмаган С.И.га нисбатан эса уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Айбланувчиларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш борасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, фуқаро М.М. ва унинг жиноий шериклари бўлган оила аъзолари томонидан бошқа бир қатор ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлар содир этилганлиги аниқланган.

Эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олинган айбланувчи М.С.нинг ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат қилган вояга етмаган қизи И.И. айни вақтда яқин қариндошлари опаси, холаси ва унинг турмуш ўртоғи қарамоғига топширилган.

"Бу оиланинг жиноий ҳаракатлари ҳақида маълумот тарқатиш ниятимиз йўқ эди. Лекин ўзларининг қабиҳ ниятларини амалга ошириш илинжида жажжи қизалоқдан фойдаланган одамларни ҳаракатларига жамоатчиликни ўзи хулоса беради деган умиддамиз", - дея қўшимча қилинади ИИВ матбуот хизмати хабарида. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1