Қашқадарё вилоятига йилига 6 миллион нафар сайёҳ жалб қилиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун вилоятдаги олти қишлоқда туризм йўналишида янги лойиҳалар амалга оширилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Йил бошидан буён Қашқадарёга 2,5 миллион нафар сайёҳ ташриф буюрган. Шундан 500 минг нафари Гелон қишлоғига борган.
Татаристон билан ҳамкорликда Гелондаги тоғ-чанғи курортининг биринчи босқичини 2027 йилда ишга тушириш режалаштирилган.
Шунингдек, Чироқчи туманидаги Тароғай, Китоб туманидаги Башир ва Яккабоғ туманидаги Тотор қишлоқларини этнотуризм марказларига айлантириш имкониятлари кўриб чиқилган. Шаҳрисабз туманидаги Сайёд ва Сувтушар қишлоқларида эса тоғ дарёлари негизида рафтинг ва спорт туризмини ривожлантириш мумкинлиги қайд этилган.
Мутасаддиларга ушбу олти қишлоқ бўйича бир ой ичида мастер-режа ишлаб чиқиш ва 2027 йил 1 мартдан бошлаб умумий қиймати 50 миллион долларлик лойиҳаларни амалга оширишни бошлаш топширилган.
Бундан ташқари, ҳар йили баҳорда Ғузор туманида «Лола ва кабоб», Кўкдала туманида эса «Чиял яхна» гастрономик фестивалларини ўтказиш йўлга қўйилади.
Йиғилишда касбий таълим масалаларига ҳам эътибор қаратилган. Қарши шаҳридаги Илғор касбий маҳорат техникумининг 32 нафар устаси яқинда Германияда малака ошириб қайтган. Улар ҳозирда вилоятдаги 57 та техникум усталарига ўз билим ва тажрибасини етказмоқда.
Ҳар йили 10–11-синфларнинг 2,5 минг нафар ўқувчиси мазкур техникумда касб-ҳунар ўрганиб, аттестат билан бирга касбий сертификат ҳам олади. Германиялик ўқитувчилар эса йилига 1,5 минг нафар ёшга немис тили ва касб ўргатмоқда.
Давлат раҳбари лойиҳанинг илк битирувчилари билан суҳбатлашганини айтди. Уларнинг айримларига Европада ойига 3 мингдан 5 минг еврогача маош таклиф этиладиган иш ўринлари таклиф қилинмоқда.
Шу муносабат билан туманлардаги мактаб ўқувчиларини Илғор касбий маҳорат техникуми ҳамда замонавий методика асосида ишлаётган 57 та техникумга жалб қилиш бўйича аниқ йўналишларни ишлаб чиқиш топширилди.






