Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида 69,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,4 фоизга кўп. Шу билан бирга, электр энергияси импорти 27,2 фоизга камайди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, ҳисобот даврида мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 5,4 миллиард киловатт-соатга ошган.
Ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 49,1 миллиард киловатт-соати иссиқлик электр станциялари, 10,5 миллиард киловатт-соати йирик қуёш ва шамол электр станциялари, 6,6 миллиард киловатт-соати эса гидроэлектр станциялари ҳиссасига тўғри келган. Қолган қисми кичик қуёш станцияларида ишлаб чиқарилган.
Қайд этилишича, йирик қуёш ва шамол электр станцияларида йилнинг дастлабки тўққиз ойида ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 2025 йилдаги йиллик кўрсаткичга етган. Гидроэлектр станцияларида эса 6,5 миллиард киловатт-соатлик ўтган йилги натижа ортда қолдирилган.
Кичик қуёш станцияларида 2,5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бу 2025 йилнинг мос кўрсаткичидан 500 миллион киловатт-соатга кўп.
Шу даврда мамлакатда электр энергияси истеъмоли 68,1 миллиард киловатт-соатни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,3 фоизга кўп. Истеъмолчиларга жами 53 миллиард киловатт-соат электр энергияси етказиб берилган бўлиб, шундан 14 миллиард киловатт-соати аҳоли ҳиссасига тўғри келган.
Электр энергияси экспорти ҳам ошган. Хусусан, январь–сентябрь ойларида экспорт ҳажми 21,4 фоизга ўсиб, 3,4 миллиард киловатт-соатга етган. Импорт эса 27,2 фоизга камайиб, 1,9 миллиард киловатт-соатни ташкил қилган.
Энергетика вазирлиги 2026 йил якунига қадар мамлакатда 94,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Йиллик истеъмол ҳажми эса 92,2 миллиард киловатт-соатга етиши кутилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон 2030 йилга қадар электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 129 миллиард киловатт-соатдан оширишни режалаштираётгани хабар қилинган эди. Бу мақсадга эришиш учун 22 минг мегаватт янги қувватларни ишга тушириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг умумий ишлаб чиқаришдаги улушини 54 фоизга етказиш кўзда тутилган.






