Икки мамлакат раҳбарларининг мулоқоти бироз аввал бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбатда кўп қиррали Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигини янада ривожлантириш ҳамда минтақавий шерикликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
"Суҳбат аввалида Германия Президенти давлатимиз раҳбари ва кўп миллатли халқимизни мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги билан самимий қутлади. Кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурининг натижалари алоҳида қайд этилди, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ва иқтисодий янгиланишлар қўллаб-қувватланди",-дейилади хабарда.
Ўзбекистон ва Германия Президентлари амалий ҳамкорликнинг кенгайиши, шунингдек, узоқ муддатли шерикликни ривожлантиришга қаратилган қўшма дастур ва лойиҳаларнинг илгари сурилишини қўллаб-қувватлашган.
Минтақавий ҳамкорлик, шу жумладан Европа Иттифоқи доирасидаги конструктив мулоқотни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Афғонистонда узоқ муддатли тинчликни таъминлаш ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш мақсадида фаол ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани таъкидланган.
Мамлакатлар етакчиларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек дўстона руҳда ўтгани айтилади.






