Аҳолиси мисли кўрилмаган муссон ёмғирлари оқибатида сув тошқинларидан азият чеккан Покистонга қардошларча ёрдам кўрсатиш мақсадида бугун Тошкентдан ушбу мамлакатга инсонпарварлик юки жўнатилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.
Покистонга ҳарбий ҳаво транспорти орқали қарийб 40 тонна юк етказилади. Инсонпарварлик юки таркибига озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан ўсимлик ёғи, ун, гуруч, гўшт консервалари, қандолат ва макарон маҳсулотлари, шунингдек тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа товарлар киритилган.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир неча ҳафта ичида Покистонда мисли кўрилмаган муссон ёмғирлари ва сув тошқинлари 30 миллиондан ортиқ кишининг кундалик ҳаётини издан чиқарган. Мамлакатнинг ғарби ва жанубидаги Балужистон ва Синд провинциялари энг кўп зарар кўрган. Юз минглаб одамлар бошпанасиз қолган.
Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Покистон дунё ҳамжамиятига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Кучли ёмғир ва кенг кўламли тошқинлар натижасида 1000 дан ортиқ одам вафот этган.