2022 йилнинг 9 сентябрь куни “Fitch Rating” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинги бўйича навбатдаги ҳисоботини чоп этди. Ҳисоботга кўра, мамлакатимиз суверен кредит рейтингининг баҳоси BB- (барқарор кутилма) даражада тасдиқланди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
2022 йилнинг 29-31 август кунлари “Fitch” халқаро рейтинг агентлигининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва бошқа идоралар мутасадди раҳбарлари ҳамда халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотлар билан учрашувлари ўтказилди.
Агентлик Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини йилда икки марта қайта баҳолайди ва баҳолаш жараёнида республикадаги сўнгги иқтисодий янгиликлар билан танишади.
Ҳисоботда таъкидланишича, мамлакатимизнинг мустаҳкам ташқи ва фискал захиралари, мўътадил давлат қарзи даражаси ва “ББ” рейтингига эга мамлакатларга нисбатан юқори ўсиш суръатлари республика суверен кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи омиллардан ҳисобланади.
Шу ўринда, мамлакатнинг хом-ашё товарларига боғлиқлиги, институционал ва бошқарув сифати даражаларининг сустлиги, юқори инфляция даражаси, ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) пастлиги республика кредит рейтингини чекловчи омиллар сифатида келтирилган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон геосиёсий вазиятнинг дастлабки таъсирига бардош бера олди ва мамлакат иқтисодиёти ташки шокларга қарши чидамлилик намойиш этишда давом этмоқда.
Хусусан, қулай экспорт нархлари, қўллаб-қувватловчи фискал сиёсат, пул ўтказмаларининг сезиларли ошгани ва валюта алмашув курсининг барқарорлашуви натижасида республика иқтисодиёти жорий йилнинг И ярим йиллигида 5,4 фоиз ўсишга эришгани сабабли агентлик 2022-йилда Ўзбекистоннинг реал иқтисодий ўсиш суръати бўйича кутилмасини 3,1 фоиздан 5,1 фоизга оширган.
Шу билан бирга, “Fitch” томонидан келгуси йилда кутилаётган глобал ўсишнинг заифлашуви оқибатида 2023-йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 4,7 фоизга ўсиши ва 2024 йилда босқичма-босқич амалга ошириладиган фискал консолидация ва қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва саноатга ижобий таъсир кўрсатадиган ислоҳотлар натижасида реал ўсиш суръати 5,5 фоизга етиши прогноз қилинмоқда.
Ҳисоботда келтирилишича, 2022 йилда жорий операциялар ҳисоби дефицити ЯИМга нисбатан 2,1 фоизгача пасайиши кутилмоқда. Мазкур кутилма олтин экспорти ва олтинсиз экспортнинг ўсиши ва пул ўтказмаларининг сезиларли ортгани билан изоҳланган.
Агентлик прогнозига мувофиқ, халқаро захиралар келгуси йилларда барқарор (2023-2024 йилларда – ўртача 33,5 млрд. доллар) даражада сақланиб қолади. 2022-йилда инфляция даражаси ўртача 11,7 фоизни ташкил қилади ва 2024 йилга келиб 9,2 фоизга пасаяди.
“Фитч” прогнозига кўра, ижтимоий соҳа ва инвестиция харажатларини ҳисобга олган ҳолда консолидациялашган буджет дефицити 2022 йилда ЯИМга нисбатан 4,8 фоизга етиб, 2023 йилда 4,1 фоизгача пасаяди. Давлат қарзининг ЯИМга нисбати эса 2022 йилда 37,3 фоизга етиши, аммо “ББ” рейтингига эга давлатлар медианасидан (ЯИМга нисбатан 55 фоиз) паст даражада бўлиши қайд этилган.
Шунингдек, парламент тасдиқлаган “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳасида давлат қарзининг ЯИМга нисбатан 60 фоизлик юқори чегараси, янги жалб қилинадиган давлат қарзига йиллик лимитлар белгиланиши ва давлат қарзи ЯИМга нисбатан 50 фоиздан ошган ҳолатларда қарз ҳажмини камайтириш чоралари кўрилиши назарда тутилганлиги алоҳида эътироф этилган.






