Ўзбекистонда робот операция қилган биринчи бемор ўзини қандай ҳис қиляпти?

ЖАМИЯТ 29.09.2022, 13:44
Ўзбекистонда робот операция қилган биринчи бемор ўзини қандай ҳис қиляпти?

Ўзбекистонга "Revo-i" русумли робот-хирург олиб келингани ҳақида хабар берган эдик. 

Нафақат юртимиз, балки Марказий Осиёда ноёб бўлган ушбу инновацион технология орқали саноқли кунлар ичида 8 нафар беморда мураккаб операциялар муваффақиятли ўтказилди, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.

Робот-жарроҳ ёрдамида оғир хасталикдан шифо топган юртдошларимиз ҳозир қисқа муддатли муолажаларни тугаллаб, ўз уйларига қайтган.

Қамаши туманилик  Юнус Холбоев — улардан бири. Апрель ойида беморда саратоннинг хавфли турларидан бири аниқланганди. Тегишли муолажалардан сўнг мутахассислар операция ўтказиш охирги чора эканини маълум қилишди. Даставвал бу жарроҳлик амалиёти лапароскопик усулда ўтказилиши режалаштирилган эди.  

Кейин робот-хирург орқали бажариладиган операция таклиф қилингач, бемор анча хавотирга тушганини айтади:

—   Ўзбекистонда робот операция қилган биринчи бемор бўлишимни эшитганимда бироз қўрқув ҳам бўлди, — дейди ҳамюртимиз. — Лекин унинг бошқаруви малакали шифокорлар қўлида эканини билиб, мутахассисларимиз тажрибасига ишондим ва амалиётга рози бўлдим. Икки соатда ҳаммаси ўтиб кетди. Ҳозир эса уйга кетиш тараддудидаман.  

Робот “қўл”ларидан шифо топган яна бир бемор — Муҳаббат Шомансурова. 58 ёшли ҳамюртимиз буйрагидаги ўсимта сабаб шифохонага мурожаат қилгач, унга ҳам робот-хирург хизмати таклиф қилинди. Кесишларсиз, кам орғиқли ва натижаси одатий операциялардан кўра юқори бўлиши кутилган амалиётга бемор рози бўлади. Операциядан икки кун ўтгач, Муҳаббат опа оиласи бағрига соғлом қайтди.

Таъкидланишича, одатда буйрак саратони аниқланган беморларда ўтказиладиган операциялар йирик кесишлар билан амалга оширилар, оғир ҳолатларда эса беморнинг буйраги олиб ташланар, операциялар муваффақиятли ўтган ҳолатда ҳам, чоклар эҳтиёт қилинмаса, жароҳат йиринглаши хавфи бўларди. "Revo-i" робот тизими орқали эса буйрак ичига кириб борилиб, бир неча сантиметрлик ўсма аниқлик билан олиб ташланди.  

Робот-хирург орқали қилинган онкологик амалиётлар яна қайта пайдо бўлмаслиги учун ўсимтани бутунлай олиб ташлаши, асаб тугунлари ва бошқа муҳим органларга таъсир қилмаслиги, минимал қон йўқотиш билан кечиши, беморнинг амалиётдан кейинги тикланиши ҳамда буткул соғайиб кетишини тезлаштириши билан бебаҳо аҳамиятга эга.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1