Савдо нуқталарида сотилаётган 73 номдаги маҳсулот давлат стандартлари ва норматив-техник ҳужжатлар талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, қўмита ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда чакана савдо нуқталаридаги халқ истеъмоли товарларининг сифати ва хавфсизлигини текшириш мақсадида назорат харидларини ўтказиб келмоқда. Харид қилинган маҳсулотлар аккредитациядан ўтган лабораторияларда экспертизадан ўтказилади.
2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида 60 турдаги 558 номдаги маҳсулот лаборатория текширувидан ўтказилган. Натижада уларнинг 73 номдагиси белгиланган талабларга жавоб бермаслиги маълум бўлган.
Ушбу маҳсулотларни савдодан қайтариб олиш ва қонунчиликка мувофиқ чоралар кўриш учун тегишли материаллар Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига юборилган.
Рақобат қўмитаси истеъмолчилар саломатлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида назорат харидлари давом эттирилишини билдирган.






