2030 йилда Абу Али ибн Сино таваллудининг 1050 йиллиги муносабати билан "Ибн Сино" халқаро мукофотини таъсис этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳукуматнинг 19 октябрда қабул қилинган қарорида белгиланган.
Қарор билан аллома таваллудининг юбилейини нишонлашга тайёргарлик кўриш бўйича "йўл харитаси" тасдиқланган.
Унга кўра, 2026 йил октябрь ойида Тошкентда "Ибн Сино — Ғарб ва Шарқ фалсафий тафаккурининг буюк намоёндаси" мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилади. Шунингдек, олий тиббиёт таълим муассасалари, илмий марказлар, кутубхоналар ва даволаш муассасаларида илмий-амалий анжуманлар, кўргазмалар ҳамда очиқ маърузалар ташкил этилади.
Ибн Синонинг хорижда сақланаётган қўлёзмаларини ўрганиш ва тўплаш мақсадида илмий экспедициялар уюштирилади. Алломанинг "Мўъжаз ал-Қонун", "Қонунча", "Ал-Ишорот ва ат-танбиҳот", "Донишнома", "Китоб аш-Шифо" ҳамда "Шарқ фалсафаси" асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, босма ва электрон шаклда нашр этилади.
Шунингдек, Бухоро давлат тиббиёт институти ҳузурида давлат муассасаси шаклида Абу Али ибн Сино илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифи маъқулланган.
Марказ аллома тиббий меросини ўрганиш, тадқиқот натижаларини замонавий тиббиётда қўллаш, қўлёзмаларни жамлаш ва ўзбек тилига таржима қилиш билан шуғулланади. Қўлёзмаларнинг электрон платформаси ҳам яратилади.
Бундан ташқари, тиббиёт ходимлари ва тиббиёт тарихи билан қизиқувчилар учун ўқув курслари ҳамда маҳорат дарслари ташкил этилади.
Марказ фаолияти Бухоро давлат тиббиёт институтининг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия институтлари грантлари, пулли хизматлардан тушумлар, ҳомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.






