Ўзбекистон ҳукумати Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида солиқ органлари ходимлари ҳамда доимий яшаш жойи бўйича ҳисобда турган жисмоний шахслар учун жами йиллик даромад декларациясини тақдим этишнинг вақтинчалик тартибини тасдиқлади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Ҳужжатга кўра, 2026–2027 йилларда олинган даромадлар бўйича декларация доимий яшаш жойидаги солиқ органига Солиқ қўмитасининг электрон хизматлар портали ёки "Soliq" мобил иловаси орқали тақдим этилади.
Тартиб ички ишлар органларида мазкур шаҳарларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган 18 ёшдан катта фуқароларга тааллуқли. Ҳисобот йилида солиқ органларига ишга қабул қилинганлар ва ҳисобга қўйилганига олти ой тўлмаган шахслар бундан мустасно.
Декларация ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай топширилиши керак. Солиқ органи белгиланган муддат тугашидан камида бир ой олдин фуқарога хабарнома юборади.
Декларацияда иш ҳақи, мол-мулкдан олинган даромадлар, моддий наф тарзидаги ва бошқа даромадлар, шунингдек, кўчар ва кўчмас мулк ҳамда мажбуриятлар билан боғлиқ харажатлар кўрсатилади. Бунда якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятига оид харажатлари ҳисобга олинмайди.
Харажатлар вазирлик ва идоралар маълумотлари, шунингдек, "Soliq" иловасида рўйхатдан ўтказилган фискал белгили чеклар ва электрон ҳисобварақ-фактуралар асосида шакллантирилади. Маълумотлар етарли бўлмаган тақдирда, фуқароларга илова орқали қўшимча маълумот киритиш имконияти берилади.
Декларация нотўғри тўлдирилган бўлса, аниқлаштирилган ҳисобот тақдим этиш мумкин. Унда ҳам ишончсиз маълумотлар кўрсатилса, жисмоний шахснинг мурожаати асосида декларация рад этилиши ва уни уч йил ичида қайта топшириш имконияти берилиши мумкин. Бошқа асосларга кўра декларацияни рад этиш тақиқланади.
Аниқлаштирилган солиқ базасига, яъни даромадлар ва харажатлар ўртасидаги фарққа қўшимча солиқ ҳисобланмайди. Бундан Солиқ кодексининг 393-моддасида назарда тутилган даромадлар мустасно. Шунингдек, ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмайди.






