Ўзбекистоннинг Андижон, Самарқанд, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида фуқароларга пенсия тайинлаш бўйича ихчам хизмат кўрсатиш тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 19 октябрдаги қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, 2026 йил октябрь–декабрь ойларида Пенсия жамғармасининг айрим туман ва шаҳар бўлимларида пенсия ҳамда бошқа тўловларни тайинлаш ва тўлаш билан боғлиқ вазифалар ҳудудий бошқармаларга ўтказилади.
Жумладан, Андижон вилоятида Андижон шаҳри ва Олтинкўл тумани, Самарқанд вилоятида Самарқанд шаҳри, Хоразм вилоятида Урганч ва Хива шаҳарлари, Шовот ва Янгиариқ туманлари, Сирдарё вилоятида эса барча туман ва шаҳар бўлимлари қамраб олинади.
Ҳудудий бошқармаларда ҳар бир туман ва шаҳар учун уч кишидан иборат комиссиялар тузилади. Шунингдек, фуқароларга хизмат кўрсатувчи ходимлар фаолияти йўлга қўйилади.
Қарор билан пенсия тайинлаш ва тўлаш тартибига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, айрим хизматлар фуқароларнинг алоҳида мурожаатисиз, проактив шаклда амалга оширилади.
Жумладан, ногиронлик гуруҳи қайта белгиланганда ёки муддати узайтирилганда ногиронлик пенсияси тўлови давом эттирилади. I гуруҳ ногиронлиги белгиланганда пенсия қайта ҳисобланади. Оила аъзолари сони ўзгарганда боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўлови давом эттирилади.
Шунингдек, 100 ёшга тўлган фуқароларга қўшимча тўлов тайинланади ва тўланади. ID-карта муддати тугаганда ёки у муддатидан олдин янгиланганда ҳам пенсия тўловини давом эттириш чоралари кўрилади.
Комиссия ариза келиб тушганидан кейин 10 кун ичида тегишли қарор қабул қилади.
Бундан ташқари, Пенсия жамғармаси бир ой муддатда Ўзбекистондан ташқарида бўлган пенсионерларнинг пенсия олиш ҳуқуқини тасдиқлаш учун "MyID" ахборот тизими орқали шахсни идентификация қилиш имкониятини яратиши белгиланган.






