#1октябрь_Устоз_ ва_мураббийлар_куни
2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги таълим муассасаларида жами 685,4 минг нафар педагог фаолият юритмоқда. Шундан умумтаълим мактабларида 510 минг ўқитувчи фаолият олиб боради. Хўш, улар айни пайтдаги шароитлар ҳақида нима дейди? Соҳада қандай ўзгаришлар бўлишини хоҳлашади? Таълим тизими уларни қанчалик қониқтиряпти? "darakchi.uz" мухбири шу каби саволлар билан ўқитувчиларга микрофон тутди.
Дилфуза Абдуллаева, 30 йилдан буён бошланғич синф ўқитувчиси:

— Ҳозирги кунда ўқитувчиларга катта шароитлар яратилмоқда. Энг катта орзуим, ўйлайманки ўқувчиларим келгусида ватанига содиқ фарзанд бўлиши ва яхши инсонларни тарбия қилиш. Ота-оналар фарзандларини бизни олдимизга олиб келаркан, уларни олдидаги бурчимизни оқлай олиш, бор билимимизни ўқувчиларга етказиб келажакда шу меҳнатларимиз мевасини кўриш энг катта орзуим.
Зулхумор Юсупова, 32 йиллик иш тажрибасига эга рассомчилик ва чизмачилик ўқитувчиси:

— Авваллари фақатгина доска ва дарсликлар билан ишланарди, бугунги кунга келиб эса бу имкониятлар кенгайган, яъни биз дарсларни ажратилган махсус техникалар ёрдамида ўтишимиз анча осонлашган.
Таълим тизимини 5 баллик системада 3,5 га баҳолайман. Дунё миқёсида ўзимизнинг ўрнимизни эгаллашмиз учун биз яхши кадрларни етиштириб беришимиз керак. Бу учун ҳали жуда кўп ишлар амалга оширилиши керак.
Энг катта орзуим ўқувчиларим орасида фақат софдил, меҳрибон, ҳақгўй раҳбар инсонлар етишиб чиқишини хоҳлайман.
Дилфуза Охунжонова, 25 йиллик иш тажрибасига эга бошланғич синф ўқитувчиси:

— Ҳозир 4 баллик "шкала"да деб олсак ҳам, лекин, мен ишонаман-ки, ҳар бир инсон янгиликни тўғри қабул қилиб, ўз устида ишласа, албатта, 5 баллик "шкала"га ҳам чиқамиз деб ўйлайман.
Энг катта орзуим ўқувчиларни ёдидан чиқмаслик. Эл олдида, Яратган Эгамиз олдида юзим ёруғ бўлишини хоҳлайман.
Феруза Жуманова, 26 йиллик иш тажрибасига эга физика фани ўқитувчиси:

— Бугунги кунда устозлар учун деярли барча шароитлар мавжуд, дарс жараёнларида махсус техникалардан фойдаланиш имкониятига эгамиз.
Таълим – энг оғриқли нуқтамиз деб ўйлайман, яқинда Россия университетлари томонидан ўтказилган махсус сертификатлар топшириш маросимда иштирок этганимда ҳам ижтимоий муаммолар ҳақида гапиринг дейишганда, Ўзбекистондаги таълим соҳасидаги муаммоларни тилга олгандим. Менимча таълим соҳасини тубдан ўзгартириш керак. Агар баҳолайдиган бўлсак мен 3 баҳога баҳолаган бўлардим.
Шарафли касб деймиз-ку, лекин шу билан биргаликда машаққати ҳам жуда катта. Барча ҳамкасбларимга соғлик, мустаҳкам асаб тилайман. Ўқитувчи бўлиш учун билимга эга бўлишнинг ўзи камлик қилади, ўқитувчи болаларни албатта яхши кўриши керак. Болалар билан ишлаш учун кенг қалб бўлиши керак. Устозларга тилагим ҳар доим ўқувчилар учун севимли бўлиб қолиш.
Ойбек Шкуров






