Қирғизистоннинг Манас шаҳрида қурилиш объектида содир бўлган ёнғин оқибатида икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Яна бир ҳамюртимиз оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.
Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилишича, ёнғин 22 ноябрь куни соат 20:38 атрофида Интимоқ қишлоғидаги А. Каримбеков кўчасида жойлашган қурилиш объектида содир бўлган.
Ёнғинни бартараф этиш учун ҳодиса жойига учта ёнғин-қутқарув гуруҳи жалб қилинган. Ёнғин соат 21:45 да тўлиқ ўчирилган.
Ҳодиса оқибатида уч нафар киши жабрланган. Уларнинг барчаси қурилиш майдонида ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Икки нафар ишчи ис газидан заҳарланиб вафот этган, яна бир киши эса оғир аҳволда реанимация бўлимига ётқизилган.
Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва ҳодисанинг бошқа тафсилотлари аниқланмоқда.






