Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида Damas русумли автомобиль йўл-транспорт ҳодисасига учради. Ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши оқибатида машина пиёдалар ўтиш жойида ағдарилган. Ҳодисада жабрланганлар йўқ.
Ижтимоий тармоқларда 2026 йил 20 ноябрь куни соат 11:15 атрофида Пайариқ туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси акс этган видеолавҳа тарқалди.
Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ маълум қилишича, ҳодиса "Алиобод" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи йўлда содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Damas ҳайдовчиси аҳоли яшаш жойи учун белгиланган тезлик меъёрига риоя қилмасдан ҳаракатланган. Оқибатда у рул бошқарувини йўқотган ва автомобиль пиёдалар ўтиш жойида ўнг томонга ағдарилган.
Қайд этилишича, ЙТҲ оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган, ҳалок бўлганлар ҳам йўқ.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Пайариқ тумани ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати ЙҲХБ томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
ЙҲХБ ҳайдовчиларни белгиланган тезлик меъёрларига қатъий амал қилишга, йўл ҳаракати қоидаларини бузмасликка ҳамда ҳаракат давомида пиёдаларга алоҳида эътибор қаратишга чақирди.






