АсосийЖАМИЯТ

"Турбат" қишлоғи, азиз авлиёлар манзили ёхуд қирқ қулоқли тойқозон ўрнатилган Аҳмад Яссавий мақбараси... Туркистоннинг ташриф қоғози ҳақида нималарни биласиз?

Туркистон... Бу ном тилга олиниши билан қонимизда умбоқий, қадрдон ҳислар мавжланади. Ота-...

'"Турбат" қишлоғи,  азиз авлиёлар манзили  ёхуд қирқ қулоқли тойқозон ўрнатилган Аҳмад Яссавий мақбараси...  Туркистоннинг ташриф қоғози ҳақида нималарни биласиз?'ning rasmi

Туркистон... Бу ном тилга олиниши билан қонимизда умбоқий, қадрдон ҳислар мавжланади. Ота-боболаримизнинг рўёбга чиқмаган асрий орзулари акс-садосидек жаранглайди бу сўз. Туркистон деганда Марказий Осиёнинг қадим кенгликлари, тарих саҳнасида бир неча кунгина яшаб, сўнг қонга ботирилган бобо юрт кўз олдимизга келади. Бугун эса, Туркистон атамаси расман қўшни Қозоғистоннинг чегарадош ҳудудидаги вилоят ва унинг бош кентини англатади. 

                             "Турбат, Турбат дедим..."

  Ҳамроҳларимиз – устоз журналист Шарофиддин Тўлаганов ва ёзувчи дўстимиз Фозил Фарҳод  билан“Ғишткўприк” постидан ўтишимизбир неча дақиқага чўзилди холос. Аввалгидек, турнақатор навбатлар, ортиқча савол-жавоб, регистрация, декларация деган гаплар йўқ. Чегарадан ўтиш ҳам автоматлаштирилган. Паспортнинг керакли саҳифасини  турникет экранига босиб, яшир чироқ ёнгач, ўтиб кетаверасиз.

 Сафаримизнинг ташкилотчиси Шарофиддин ака асли ҳозирги Туркистон вилоятининг Қазиғурт тумани Турбат қишлоғидан. Ўзбекистон чегарасидан ўтгач, илк манзилимиз Шарофиддин аканинг ота ҳовлиси бўлди. Шинам, файзли  ўзбекона ҳовли бир қарашда Тошкентнинг чекка маҳаллаларидан хонадонларни эслатади. (Аслида турбатликлар ҳам ғирт тошкентча шевада сўзлашишаркан). Хонадон соҳиблари бизни очиқ юз билан қарши олди, шу ерда бир пиёла чой ичиб, Турбат саёҳатига отландик. 

Борган кунимиз катта тантананинг устидан чиқдик. Бу ерда турбатлик таниқли ўқитувчи Зуҳриддин Темиров  хотирасига бағишланган “Ошга марҳамат” танлови бўлаётган экан. Тадбирга Қозоғистон ва Ўзбекистондан таниқли ошпазлар таклиф қилинган. Тадбирга икки халқнинг таниқли санъаткорлари, ёзувчи ва шоирлари ҳам ташриф буюришган. Фозил Фарҳод иккимизни иззатлаб, ҳакамликка чақиришди. Шу тариқа ҳам ошхўрлик қилиб, ҳам ҳакамликвазифамизни бажардик. Тан олиш керак, бир-биридан лаззатли тўққиз хил ош орасидан энг яхшиларини танлаш осон кечмади. 

 "Қишлоғимизда 14 мингдан ортиқ аҳоли - ўзбек, қозоқ ва бошқа миллат вакиллари истиқомат қилади", - дейди Қазиғурт тумани ўзбек этномаданий маркази  раиси Жавлон Собитов.  

– Қишлоғимиздан Ўзбекистон ва Қозоғистон миқёсидаги машҳур адиблар, давлат ва жамоат арбоблари, қаҳрамонлар етишиб чиққан. Улар орасида Ўзбекистон халқ шоири Туроб Тўла, Ўзбекистон халқ артистлари  Рихсивой Авазов,  Зоҳид Хақназаров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жўра Исроилов (атайлаб Жиззахдан келибдилар), Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси Озод Акбаров, Ислом Зокиров, таниқли олимлардан Отабой Эшонов, Турсун Собирий, ака-ука Комил, Махмуд ва Раҳим Турсунметовлар, Комил Калонов, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Баҳодир Собитов, Социалистик Мехнат Қахрамони Толе Ағабековни фахр билан тилга оламиз. 

Туроб Тўла бир шеърида она қишлоғини фахр билан тилга олиб, шундай сатрларни битган:

Ёмон кирдикоринг дея сўрдилар,

Ғурбат, ғурбат, дедим, ғурбат албатта,

Энг суйган диёринг дея сўрдилар,

Турбат, Турбат, дедим, Турбат албатта!

      Азиз авлиёлар манзили 

   Қишлоқ номи  араб тилидан таржима қилинганда қабр, тупроқ, мақбара  деган маънони беради. Шунингдек, бу ном “Туроб обод”, “Туриб от” сингари маъноларни ҳам беришини айтишади.  Турбат тупроғида жуда кўп азиз-авлиёларнинг хоки ётибди. Улардан бири - Исмоил ота мақбараси Турбатнинг энг эски қадамжоларидан бири. 

Бу улуғ инсон маълумотларга кўра, Аҳмад Яссавийнинг жиянлари бўлган. Ривоятларда айтишилишича,  Исмоил ота бир муддат қалмоқлар қўлига асир тушиб, чўпонликка мажбур қилинади. Исмоилота  ҳар  куниқўйларни  тоққа олиб  чиқиб,ўзи ибодатга машғул бўлади. Уни кўрганлар хўжайинга “чўпон қўйларга қарамаяпти, у фақат ибодат билан овора” деб хабар етказишади.   

Хўжайин  Исмоил  отани чиндан зикр пайти тутиб олади ва калтаклайди.  Исмоил  ота қалмоқни дуоибад қиладилар. Ҳаял  ўтмайқалмоқ  йиқилиб,  қўлисинади ва Исмоил  отанинг оёғига бор уриб  қўлини  тузатишниилтимос  қилади.  Исмоилота  унинг айтганини  бажаради. Шу заҳоти қалмоқ шифо топади. Бунинг шукронасига у Исмоил отани банддан озод қилади, ўзи ҳам иймонга келиб, қўйларини Яратганнинг йўлига эҳсон қилиб юборади. 

Шунингдек, Турбатдан Исмоил отанинг укалари Жаброил ота ва ўғиллари Исҳоқ отанинг ҳам мақбаралари жой олган. Ўзбек мумтоз адабиётининг атоқли намояндаларидан бўлган Атоий ҳам шу буюк зотнинг фарзандлари экан. Навоийнинг ёзишларича, Атоий Балхда дафн қилинган. Аммо, Турбатда ҳам Атоийга тегишли деб тахмин қилинадиган яна бир қабр мавжуд. 

 Йўл-йўлакай, қишлоқ мактабларини ҳам кўздан кечирдик. Бу ерда таълим ўзбек ва қозоқ тилларида олиб бориларкан. Шарофиддин ака ўзи ўқиган мактаб ҳовлиси, синфхоналари бўйлаб, бизни айлантираркан, болалик хотираларини, устозлари, синфдошлари, ўқувчилик даври билан боғлиқ унутилмас дамларни эсга олди. 

                             Турк дунёсининг нодир гавҳари 

  Шундан сўнг турбатлик Отабек исмли йигитнинг машинасида Туркистон шаҳри томон йўл олдик. 

Йўлимиз Қозоғистоннинг учинчийирик шаҳри - Чимкент орқали ўтади. Бир пайтлар темурийлар давлати таркибига кирган, Бухоро амирлиги ва Қўқонхонлиги ўртасида талаш бўлган Чимкент 1864 йилда Чор Россияси томонидан босиб олинган. Кейинчалик Чимкент Қозоғистоннинг йирик саноат ва маданият марказларидан бирига айланган. 2200 йиллик тарихга эга бу шаҳарда икки миллиондан ортиқроқ аҳоли истиқомат қилади. Табиийки, қурилишлар, баланд ва замонавий иморатлар, ободончилик, йўлдаги тирбандлик ҳам шунга яраша. Кўчалардаги турли битиклар деяри қозоқчада, лотин алифбосида экани диққатимизни тортди. 

Шаҳарнинг гавжум кўчалари ортда қолиб, машинамиз яна  бепоён кенгликлар бағрини ёриб, Туркистон томон елиб кетди. Ўзбекистон Халқ шоири Рауф Парфи айтганидек: 

Нақадар узундир, оғирдир бу йўл,

Далалар ястаниб ётар кўк каби.

Йўллар ҳавас қилса арзигулик. Чеклов соатида 110 километр қилиб белгиланган. Айтганча, бензин ҳам биздагидан анча арзон. 90 маркали бензин бизнинг пулда 5 минг сўм нари-берисида. 

Ниҳоят Туркистон шаҳрига кириб бордик. Охирги марта тўрт йил аввал келгандим. Шаҳар ниҳоятда ўзгарган. Янги меҳмонхоналар, турар-жой бинолари, кўнгилочар масканлар сони ортган. Шаҳарга кираверишда шарқона услудаги “Карвонсарой” мажмуаси қурилган. Қадимий услубдаги бинолар, макетлар, ички безаклар Самарқандда яқинда қурилган “Боқий шаҳар” мажмуасини ёдга солади.

                                       “Бешак билинг бу дунё...”

 Аҳмад Яссавий мақбараси Туркистоннинг ташриф қоғози саналади.  Турк дунёсининг юраги бўлган бу кўҳна шаҳар аҳли буюк мутафаккир, шоир, Яссавия тариқатининг асосчиси Аҳмад Яссавий номи билан ҳақли равишда фахрланишади. Шаҳар марказида, бир пайтлар буюк саркарда, Соҳибқирон Амир Темур ташаббуси билан қурилган Яссавий мақбараси турли юртлардан келган зиёратчилар билан ҳамиша гавжум. 

Ривоятларга  кўра, мутафаккир пайғамбар ёшига тўлганидан сўнг ер остидаги ҳужрасига кириб, то умрининг сўнггига қадар тоат ва тақвога берилади, 1166 йилда вафот этади. Унинг ҳикматлари туркий адабиётнинг гўзал намуналари сифатида тан олинади. 

Бу ёдгорлик соҳибқирон Амир Темур буйруғига асосан 1385–1405 йилларда қурилган. Дастлаб Яссавий қабри устида қурилган кичик турба устида  маҳобатли мақбара қурилиши бошланган. Амир Темурнинг вафотидан сўнг қурилиш тўхтаб қолган. Қурилиш кейинчалик шайбонийлар сулоласидан бўлган Абдуллахон иккинчи даврида давом эттирилган. 

1815  йилда Қўқон хони Амир Умархон келиб мақбарани зиёрат қилади, 70 та қўй сўйиб, катта зиёфат беради. Шу ерда хонга Амирал-мўъминин унвони берилади. Шунингдек, Бухоро амири Абдулаҳадхоннинг фармонига биноан ушбу мақбарани таъмирлаш учун катта миқдорда маблағ ажратилган. 

Бир пайтлар мақбаранинг марказий зали қозоқ хонларининг қароргоҳи бўлган. Бинонинг кириш эшиги баландлиги 37 метрдан ошади, равоқнинг баландлиги 44 метрга, деворларнинг қалинлиги 2-3 метрга етади.  Олдингига қараганда зиёратчилар сони анча кўпайган. Чипта олиш учун анчагина навбатда турдик. Чипта нархи 200 танга, тахминан 5000 сўм атрофида. Чет эл фуқаролари, (жумладан ўзбекистонликлар) учун эса яна 100 танга қўшилади. Мақбара ичида шунингдек, тарихий экспонатлар, ҳужжатлар, қўлёзмалар, археологик топилмалар ҳам ўрин олган. Бундан тўрт йил илгари мақбара ичидаги ҳужраларнинг бирида Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг суратлари, асарлари ўрни олган эди. Бу сафар кўзим тушмади. 

Мақбара марказида Амир Темур буюртмаси билан ясалган қирқ қулоқли тойқозон ўрнатилган.  Маълумотларга кўра, бу қозоннинг сиғими 3000 литрга тенг. Етти хил маъдандан қуйилган қозон икки тоннадан оғирроқ. Уни табризлик Абдулазиз ибн Шарофиддин 1399 йилда ишлаган. Баландлиги 1,58 метр, диаметри эса 2,5 метрни ташқил этади. 1938 йилда Ленинградга, Эрмитажга олиб кетилган ва орадан ярим аср ўтиб, ўз ўрнига қайтарилган. 

Айни пайтда мақбара “Ҳазрати султон” мажмуасининг таркибий қисми саналади. Мақбара атрофи бутундай янгича тус олган,кўкаламзорлаштирилган, қозоқча ўтовлар, ўриндиқлар ўрнатилган, тарихий услубдаги кўчалар, савдо расталари қурилган. Истасангиз маахсус электробусларда, туяларда мажмуа бўйлаб сайр қилишингиз ҳам мумкин. 

           Мирзо Улуғбекнинг тўртинчи қизи 

  Аҳмад Яссавий хоки  қўним топган муҳташам мажмуа дарвозасидан 60 метрлар берироқда яна бир мақбара қад ростлаб турибди. Беш асрдан зиёд тарихга эга бўлган ушбу гумбаз остида Мирзо Улуғбекнинг қизи – Робия султонбегим дафн этилган. 

 Робия султонбегим тахминан 1432-1433 йилларда Мирзо Улуғбекнинг Қутлуғ Нигор оға исмли аёлидан туғилган. Улуғбекнинг фожиали вафотидан бир йил ўтиб, тахтни Абусаид мирзо эгаллайди. У ҳокимиятни  эгаллашда ёрдам берган кўчманчи ўзбеклар ҳукмдориАбулхайрхоннинг Хонзодабегим исмли қизига уйланади ва эвазига Мирзо Улуғбекнинг етим қолган 18 ёшли  қизи Робияни унга узатади. 

   Абулхайрхон 1468 йилда ҳарбий юришларнинг бирида оламдан ўтган. Робия султонбегим қолган умрини Туркистонда, Аҳмад Яссавий мақбараси ва марҳум эрининг даҳмаси яқинида ўтказади. Васиятига кўра, темурийзода малика ҳам шу ерга дафн этилади. Мақбарада Робия султонбегимнинг набиралари ва бошқа яқинлари ҳам кўмилган. Саккиз қиррали хонада маликанинг қабри устида араб тилида қуйидаги сатрлар  битилган: “бу файзли оромгоҳда покдомон, меҳрибон, Аллоҳ гуноҳлардан фориғ этган Робия Султонбегим Улуғбек Кўрагон қизи ётибди...”

 Чиндан ҳам турк дунёсининг нодир гавҳари  саналмиш бу қадимий кент ҳақида гапирган билан сўз тугамайди. Бугунги ободлик, фаровонлик, тўкислик замирида узун ва олис тарих, сир-синоатлар, не-не синов ва фожиалар ётибди. 

 Саёҳатимиз Туркистон бағрига сирли оқшом чўкиб, шаҳар зарри чироқлар ёғдусига чўмганига қадар давом этди. Бир пайтлар мағрибу машриқни, шимолу жанубни боғлаган узлуксиз йўллардан ортга қайтарканмиз, яна  шоирнинг  ўлмас мисралари ёдимизга тушади: 

О, сабр дарахти, қутлуғ Туркистон.

Нақадар узундир, оғирдир бу йўл...

Рустам Жабборов, 

Тошкент-Турбат-Чимкент-Туркистон-Тошкент.

    Бошқа янгиликлар