Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич Белград шаҳрида ўтказилган қўшма бизнес форумида иштирок этди.
Форумда икки мамлакатдан 200 нафардан зиёд расмий ва ишбилармон доира вакиллари, йирик саноат ва савдо корхоналари раҳбарлари қатнашди. Хусусан, Сербиянинг “”Galenika””, “”AbelaPharm””, “”Gosa FOM””, “”YUMCO”” ва “”Luss Textile”” каби компаниялари вакиллари ҳам тадбирда иштирок этди.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида олий даражадаги музокаралар самарали ўтганини ва улар Ўзбекистон–Сербия муносабатларида янги босқични бошлаб берганини таъкидлади. Президентлар ўртасидаги музокараларнинг асосий натижаларидан бири икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатларининг ўрнатилиши бўлди.
Томонлар ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар оширишни мақсад қилган. Бунинг учун ўзаро етказиб бериладиган маҳсулотлар турини кенгайтириш, шунингдек, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш назарда тутилмоқда.
Саноат кооперациясини ривожлантириш мақсадида 2026–2028 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинди.
Форумда иқтисодий ҳамкорликнинг бир қатор устувор йўналишлари ҳам белгилаб олинди. Жумладан, тўқимачилик ва электротехника маҳсулотлари, автомобилсозлик ва саноат учун бутловчи қисмларни биргаликда ишлаб чиқариш, фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштириш, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, дастурий таъминот ҳамда сунъий интеллект соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Сербия бизнеси учун мамлакатда қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яратишга, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга оширишда амалий кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Тадбир якунида Ўзбекистон ва Сербия компаниялари ўртасида қатор икки томонлама иқтисодий битимлар ҳамда савдо шартномалари имзоланди.






