АсосийЖАМИЯТ

Туркияда ўзбекистонлик келин тилла ўғирлагани ҳақидаги айбловларни рад этди

Айни пайтда томонларнинг ўзаро даъволари юзасидан Туркиянинг ваколатли органлари томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

'Туркияда ўзбекистонлик келин тилла ўғирлагани ҳақидаги айбловларни рад этди'ning rasmi

Туркиянинг Муғла вилояти Милас туманида ўзбекистонлик фуқаро М. Б. билан боғлиқ ҳолат юзасидан суриштирув давом этмоқда. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Айрим Туркия ОАВлари ва ижтимоий тармоқларда М. Б. тўй маросимидан сўнг катта миқдордаги тилла ва зийнат буюмларини олиб, ғойиб бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Бироқ Бош консулхона маълумотига кўра, М. Б. Милас ҳудудида бўлиб, ҳеч қаерга қочиб кетмаган. У ўз ихтиёри билан маҳаллий полиция бўлимига бориб, ҳолат юзасидан кўрсатма берган.

Фуқаро ўзига қўйилаётган айбловларни рад этган. Унинг таъкидлашича, тўйда тақилган тилла буюмлар онаси билан биргаликда қайнотасига топширилган. Қайнотаси эса кейинчалик ушбу буюмларни кредит ва бошқа қарзларини тўлаш мақсадида сотганини ёзишмалар орқали билдирган.

М. Б. мазкур ёзишмалар, шунингдек, тилла буюмларни топшириш жараёни акс этган видеоматериалларни Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига тақдим этганини маълум қилган.

Айни пайтда томонларнинг ўзаро даъволари юзасидан Туркиянинг ваколатли органлари томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

Бош консулхона суриштирув якунига қадар мазкур ҳолат юзасидан бир томонлама хулоса чиқармаслик ва тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка чақирди.

Консулхона вазиятни кузатиб бормоқда. Зарур ҳолларда Ўзбекистон фуқаросига белгиланган тартибда консуллик-ҳуқуқий кўмак кўрсатилади.

    Бошқа янгиликлар

    Туркияда ўзбекистонлик келин тилла ўғирлагани ҳақидаги айбловларни рад этди - Darakchi.uz