Паҳлавон Маҳмудга ҳаёти ва ижодига бағишланган “Хива лангари” фильмининг суратга олиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги Ахборот хизмати маълум қилди.
Бош вазир А. Арипов томонидан Кинематография агентлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва бошқа масъул идоралар билан ҳамкорликда Паҳлавон Маҳмуд ҳаёти ва ижодига бағишланган тарихий бадиий фильм яратиш вазифаси юклатилган эди. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида агентлик ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ўртасида қўшма қарор ҳам тузилганди.
Айни пайтда эса постановкачи режиссёр Ҳамидулла Ҳасанов бошчилигидаги ижодий жамоа Паҳлавон Маҳмуд ҳаёти ва ижодига бағишланган “Хива лангари” тарихий мураккаб постановкали бадиий фильмини суратга олиш ишларини бошлаб юборишди.
Сценарийга кўра, фильмдаги асосий суратга олиш ишлари Хоразм вилоятининг Хива шаҳри “Ичан қалъа” тарихий ёдгорликлар мажмуаси, “Нуруллабой” саройи, “Тоха қиблагоҳ” ҳудуди, Хива тумани “Сайёт” қишлоғининг “Чодираховли” тарихий обидаси, Боғот тумани “Қалъажиқ қалъа” дам олиш маскани, Урганч тумани “Улли ҳовли” тарихий мажмуаси, Тупроққалъа тумани “Саримой” ҳудудларида, Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасининг туманларида ҳамда Ҳиндистоннинг баъзи ҳудудларида амалга оширилиши мўлжалланган.
Маълумот учун, Паҳлавон Маҳмуд (1247-1326) - буюк шоир, педагог, файласуф ва сўфий Хива шаҳрида туғилган. “Комус-ул-алом” (“Буюк сиймолар”) китоби муаллифи Шамсиддин Сомийнинг ёзишича, Паҳлавон Маҳмуд олим ва шоир, шу билан бирга енгилмас ва бақувват полвон бўлган. У рубоий ва шеърларини форс тилида ёзган. Энг машҳур шеърларидан бири “Қанзул ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар тўплами”) ҳисобланади. Унинг шеър ва рубоийларида сўфийлик ғоя ва фикрлари ўз ифодасини топган. Шоир қўлёзмаларининг бир қисми бугунги кунгача етиб келган ва ҳозирда Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланмоқда.