1

Наманганда миллий фильмлар намойиш этилмоқда

МАДАНИЯТ 28.10.2022, 14:38
Наманганда миллий фильмлар намойиш этилмоқда

Наманган вилоятида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида Кинематография агентлиги ва киноижодкорлардан ташкил топган “Кинокарвон” жамоаси иштирокидаги тадбирлар давом этмоқда. Бу ҳақда Кинематография агентлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Вилоятнинг Тўрақўрғон туманида “Барон 2. Соғинч” фильмининг намойиши бўлиб ўтди. Фильм тақдимотидан аввал киноижодкорлар ва Тўрақўрғон тумани ҳокими Аҳрор Мансуров иштирокида давра суҳбат ташкил этилди. 

Маълумот учун, “Барон 2. Соғинч” – йилнинг энг кутилган фильми бўлиб, кинокартинани суратга олиш ишлари Ўзбекистон, Россия ва Туркияда олиб борилган. Фильм Ўзбекистон кино амалиётида биринчи марта лента рақамли ва уй кинотеатрлари учун юқори аниқликдаги тасвирларни тақдим этувчи ўта юқори 4K резолюцияда суратга олинган. Фильм нафақат ўзбекистонликлар, балки чет элликларнинг ҳам ҳурматига сазовор бўлган актёр Фарҳод Маҳмудов ижросида моҳирона гавдалантирилган ўзбек разведкачиси мисолида, махсус хизматлар вакиллари миссиясининг мураккаблиги ҳақида ҳикоя қилади. 

Бугун ҳам Наманган вилоятида фильмлар намойиши давом этади. Жумладан, Чортоқ туманида “Барон 2. Соғинч” фильми, Учқўрғон ва Косонсой туманларида эса “Аёл қисмати” бадиий фильмининг намойиши бўлиб ўтади.

Суриядан қайтган аёллар тақдири ҳақида ҳикоя қилувчи “Аёл қисмати” фильми ҳам наманганликлар учун Кинематография агентлиги томонидан ўзига хос туҳфа бўлади. Бир аёлнинг қисмати, жуда кўпчиликнинг тақдирини бирлаштиради. Фильм қаҳрамони турмуш машаққатлари сабаб ўз юртини тарк этади. У яқинларига эргашиш ортидан Россия, Покистон, Эрон, Туркия, Сурия ва Ироқ замини узра узоқ кезади. Унга ҳамиша бахт қийинчиликлар эвазига келади, деб уқтиришарди. Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан, деб ярим дунёни айланиб чиқади. Лекин иқбол ўрнига завол топади. Кўз ўнгида катта ўғли Салоҳиддиннинг ўлими, кичкина ўғли Қаҳрамоннинг портлаган бинолар остида қолиши Сожиданинг нигоҳлари сўнишига олиб келади. У келажак ҳақидаги яхши ҳаёллардан буткул умидини узади. Лекин Сожиданинг яна ҳаётга қайтиши жуда катта воқеага айланади. 

Биласизми, “Аёл қисмати” фильми инсон қалби, инсоний қадриятлар, ўзликни англаш ҳақида. Шунингдек, фильм орқали инсоннинг “инсон” бўлиш учун нималар қилиши керак, деган саволга жавоб топамиз. “Меҳр” лойиҳаси орқали биринчи операциядаёқ 156 та аёллар ва болалар олиб келинган. Улардан 41 таси аёллар, қолгани болалар. Фильмда ўша 41 аёлнинг аянчли қисматидан ҳикоя қилинади. Биз аёллар билан суҳбатлашдик, улар нега ўз ватанидан кетгани, Сурияга боришининг сабаблари, “Ал-Ҳол” лагерига қандай тушиб қолгани ҳақида сўрадик. Сценарий ҳам мана шу суҳбатлар асосида ёзилган. Фильм реал воқеаларга асосланган. Бадиий сайқал берилган бўлсада, ундаги персонажлар ҳаммаси орамиздаги кишилар. Фильмдаги хориж мамлакатларида рўй берадиган воқеалар ҳам Ўзбекистонда суратга олингани сабабли декорациялардан кенг фойдаланганмиз. Ўйлайманки, Наманганда ташкил этилган “Кинокарвон” тадбирлари доирасида намойиш этиладиган ушбу фильмимиз томошабинларга манзур келади ва қайсидир маънода кимларгадир сабоқ ҳам бўла олади”, – дейди фильм сценарий муаллифи ва режиссёри Дилмурод Масаидов.

 Эслатиб ўтамиз, “Кинокарвон” тадбирлари Наманганда 29 октябрга қадар давом этади. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1