1

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов бир-бирига мактуб йўллади

СИЁСАТ 21.11.2022, 20:02
Шавкат Мирзиёев ва  Гурбангули Бердимуҳамедов бир-бирига мактуб йўллади

Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов бир-бирига мактуб йўлладилар. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, уларда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги даражаси ҳамда Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити якунлари юксак баҳоланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

"Энг аввало, Самарқанддаги Туркий давлатлар ташкилоти саммити давомида Туркманистон делегациясига кўрсатилган самимий меҳмондўстлик ва алоҳида эътиборингиз учун чуқур миннатдорлик билдираман.

Саммит доирасида Сиз билан ғоят мазмундор, самимий ва ишонч руҳида ўтган учрашувимиз туркман ва ўзбек халқлари ўртасидаги кўп арслик қардошлик ва яхши қўшничилик ришталарини яна бир бор тасдиқлади. Биз ушбу қадриятларни нафақат сақлаб қолдик, балки бугунги кунгача етказиб, давлатлараро муносабатларнинг пойдеворига айлантирдик.

Туркийлар ва умуман жаҳон цивилизациясининг бешикларидан бири бўлган айнан Самарқандда қардош хақларимизнинг муштараклиги тасдиқлангани, дўстлик ва барча йўналишлардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга суръат бағишлангани, глобал тараққиётнинг бугунги, жуда мураккаб шароитларида туркий давлатларнинг бирлиги, жипслиги ва ҳамкорлигининг сиёсий асослари ва мафкуравий асослари мустаҳкамлангани чуқур рамзий маънога эга.

Сиз саммитда ўзгача меҳмондўстлик, ўзаро ишонч ва очиқлик муҳитини яратганингизни алоҳида таъкиламоқчиман. Тадбирнинг муваффақиятли ўтгани, айтилган мақсадларга эришилгани кўп жиҳатдан шу туфайлидир.

барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳамкорлик механизмлари амалда ишлай бошлади. Ўзбекистон Туркманистоннинг бетарафлиги ва халқаро ташаббусларини қўллаб-қувватлаётганини кўриб турибмиз ва юксак қадрлаймиз. Мен буни Сиз билан, Сизнинг икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътиборингиз ва иштирокингиз, икки халқ ва давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликка садоқатингиз билан боғлайман.

Яна бир бор Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг муваффақиятли ўтказилгани билан табриклашга ҳамда Туркманистон доим Ўзбекистон ёнида туришини, муносабатларимиз замиридаги бунёдкорлик мақсадларига қатъий амал қилишини ишонтириб айтишга ижозат бергайсиз.

Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, оилавий бахт ва фаровонлик, Ўзбекистон етакчилигида, кўп қиррали давлат ва сиёсий фаолиятингизда катта муваффақиятлар тилайман.

Чуқур ҳурмат ва катта эҳтиром билан, Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов», — дейилади хабарда.

Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Жаноби Олийларига

Ҳурматли Гурбангули Мяликгулиевич!

Қадрли биродарим!

Авваламбор, яқинда юртимизга амалга оширган ташрифингиз муносабати билан йўллаган самимий мактубингиз, Ўзбекистон ва шахсан менинг шаънимга билдирган илиқ фикрларингиз ҳамда эзгу тилакларингиз учун чин қалбимдан самимий миннатдорлик билдираман.

Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Сиз, Жаноби Олийларининг шахсан иштирокингиз анжуманнинг тарихий аҳамияти ва натижадорлигини янада оширишга беқиёс ҳисса қўшиб, туркий оилада қардош ўзбек ва туркман халқларининг дўстона алоқалари нақадар юксак эканлигини яққол намойиш этди.

Мактубингизда баён қилганингиздек, қадим ва бетакрор Самарқанд шаҳри минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарбни туташтириб, туркий ва жаҳон цивилизацияларини бир-бирига яқинлаштириб, турли маданиятларни бирлаштириб келган, бой маданий-маънавий хазинаси билан дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган.

Асрлар давомида ёнма-ён тинч ва тотув яшаб келган қардош халқларимизнинг бирлиги, ҳамжиҳатлиги ва абадий дўстлигига, туркий давлатлар интеграцияси ва ўзаро яқин ҳамкорлигига, Ташкилотимизнинг халқаро майдондаги обрў ва нуфузини кескин оширишга беқиёс амалий ҳисса қўшаётган Сиз, Жаноби Олийларининг ‘Туркий дунёнинг олий ордени’ билан тақдирланиши барча аъзо ва кузатувчи давлатлар аҳолиси орасида жуда катта қувонч ҳамда мамнуният билан қабул қилинди.

Бу олий мукофотнинг тантанали равишда тақдим этилиши Сиздек оқил ва донишманд, чинакам фидойи, тажрибали ва ватанпарвар давлат ҳамда жамоат арбобига, қимматли илмий ва ижодий фаолияти билан келажак авлодлар учун бой маънавий-маърифий мерос яратаётган буюк шахсга нисбатан билдирилган чексиз эҳтиром рамзи ҳамдир.

Шубҳа йўқки, бу Туркманистонни туркий дунё ва Ташкилотимиз билан янада яқинлаштиради ҳамда унинг фаолиятида туркман халқининг кенгроқ иштирокини таъминлашга муносиб хизмат қилади.

Саммит якунлари келгусида Ташкилотимиз доирасидаги серқирра ҳамкорлик уфқларини очишга, минтақада ва халқаро миқёсда тинчликни, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, Туркий цивилизациянинг янги Уйғониш даврини бошлашга замин яратгани эътиборлидир.

Муҳтарам Гурбангули Мяликгулиевич!

Мактубингиз замирида Сизнинг ўзбек халқи ва маданиятига бўлган чуқур ҳурматингиз, тарихий томирлари, қалби муштарак халқларимиз ўртасидаги азалий ришталарни қадрлаш ва ҳамкорликни ривожлантиришдек эзгу мақсадлар мужассам эканидан беҳад хурсандман.

Ўзбек халқига қон-қардош бўлган туркман эли билан доимий дўстлик алоқалари сўнгги йилларда кенг қулоч ёзгани, яқин қўшничилик муносабатлари стратегик шерикликнинг юқори даражасига кўтарилганини яна бир бор таъкидлашни истардим.

Сизнинг таъбирингиз билан айтганда, ‘туғишган икки халқ’нинг ўзаро ҳамфикрлиги, очиқ руҳдаги ва самимий мулоқоти элларимизга, биринчи галда ёш авлодларимизга ибрат ва намуна бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Ушбу эзгу ниятлар ифодаси сифатида мен яқинда ҳурматли Президент Сердар Бердимуҳамедов билан кўркам Ашхобод шаҳридаги ‘Тошкент’ боғида дарахт экканимиз ва бу ерда ўз тўйини нишонлаётган ёш оиланинг қувончига шерик бўлиб, уларга оқ фотиҳа берганимизда чуқур рамзий маъно кўраман.

Туркманистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз мисли кўрилмаган даражага кўтарилганини мамнуният билан қайд этиш ўринлидир. Шу кунларда Дашогуз шаҳрида ўзбек ва туркман халқлари дўстлиги фестивали муваффақиятли ўтказилгани ҳам бу фикримнинг ёрқин исботидир.

Фурсатдан фойдаланиб, муҳтарам Гурбангули Мяликгулиевич, Сизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, дўст туркман халқига эса тинчлик-омонлик ва доимий равнақ тилаб қоламан.

Самимий эҳтиром билан, Шавкат Мирзиёев», — дейилади хабарда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1