Тошкентда аёлининг 6 қовурғасини синдирган эрга суд ҳукми ўқилди (видео)

ЖИНОЯТ 21.11.2022, 23:14
Тошкентда аёлининг 6 қовурғасини синдирган эрга суд ҳукми ўқилди (видео)

Тошкентда эр ва хотин ўртасида аянчли можаро юз берди. Гап шундаки, можаро бир инсонга чидаб бўлмас даражада  руҳий ва жисмоний зарар етказиш билан якун топди. Бизга маълум қилинишича ҳодиса шу йилнинг 23 июль куни соат тахминан тунги 03:30ларда содир бўлган.

Маълум бўлишича, 1973 йилда туғилган (оилали, 5 нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз) судланувчи ва аёли билан ўрталарида Янгиҳаёт туманидаги ўз хонадонида келишмовчилик келиб чиқади.  6,7,9,10,11,12-қовурғаларнинг ёпиқ синиши ҳам етмагандек судга оид экспертизасида чап қўл кафт соҳасида кесилган (тикилган) яра, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, чап қўл 3-бармоқ, ўнг оёғ кафт, ўнг оёқ 1-бармоқ соҳаларида кесилган яралар, иккала кўз ости, чап елка соҳаларида қонталашлар яъни оғирлик даражаси бўйича ўртача оғир тан жароҳати етказилгани ўз аксини топган.

Судланувчи судда ўз айбига қисман иқрорлик билдирди:

— Жабрланувчи менинг иккинчи (шаръий) турмуш ўртоғим. Ҳақиқатдан ҳам унга алимент пулларини ўз вақтида тўлай олмаганим учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққанман. Аммо кейинчалик у билан муносабатларим яхшиланиб, бирга кўришиб турганмиз. 2022 йил 22 июль куни соат тахминан 22:00 ларда ўзим аёлимга қўнғироқ қилиб, ундан қайси вақтда ишдан чиқишини, ушбу вақтга бориб уни ишхонасидан олишим мумкинлигини айтдим. Шунда аёлим тахминан 1-2 соатларда ишдан чиқишини айтгач, келишилган вақтда бошқарувимдаги Нексия-2 русумли автомашинада бир ўзим аёлим официант вазифасида ишлаётган Сирғали 7-даҳасида жойлашган кафедан олиб, Янгиҳаёт туманидаги уйимизга олиб бордим. Йўлда бир баклашка пиво сотиб олиб, сўнгра уйга кириб, биргаликда овқатландик. Сўнг пивони истеъмол қила бошладим. Аёлим ичмади. Биргаликда суҳбатлашиб, сўнг аёлимга “бирга бўлиш”ни таклиф қилдим. У рад жавобини бериб, аксинча менинг аёлимдан мавжуд қарзларимни талаб қила бошлади. Унга олган қарзларимни эртаси куни эрталабга қайтаришимни айтиб, такроран “бирга бўлиш” таклиф қилганимда, “хом семиз хотинингиз (судланувчининг қонуний хотини назарда тутилган) билан “бирга бўлишингиз” мумкин”, деди. Шу гапи билан нафсониятимга тегди, сўнг ўзаро оғзаки тортишиб, урушишиб, қўлим билан аёлимни бир маротаба юз қисмига, бир марта қовурға қисмига урдим. Шунда аёлим ёстиғини таг қисмидан пичоқни олиб, баданимнинг турли ерларини шилиб олди. Сўнг унинг пичоқни ушлаган қўлидан пичоқ аралаш ушлаб пичоқни ташлашини айтдим. Шунда у пичоқни ташлаб, бир тепганим учун чиқиб кетди. Уни ёнимга чақирсам ҳам қайтиб келмаслигини айтиб, кийинган ҳолда кўчага чиқиб кетди. Олган тан жароҳатларим оқибатида кўп миқдорда қон йўқотиб, ухлаб қолдим. Мени Ички ишлар органлари ходимлари келиб уйғотишди. Шу вақтда хонанинг ҳамма ери ва ётган кўрпа тўшакларим ҳам қонаган ҳолда бўлган. Аёлим қўлидаги пичоқ билан қўлим, пешонам ва баданимнинг турли ерларини шилиб ташлаганди. Аёлимга пичоқ билан тан жароҳати етказмадим ва бундай мақсадим ҳам бўлмаган. Аёлимнинг қўли ва баданидаги кесилган жароҳатлар пичоқни унинг қўлидан олиш жараёнидаги олган тан жароҳатлар бўлиши мумкин.  

Аёлимдан бўлиб-бўлиб 600.000 сўм қарзга олгандим. Ушбу пулларни эртаси куни бериш ниятида бўлганман. Ҳақиқатдан ҳам аёлимни бир маротаба қўлим билан урдим, чап қўл 3-бармоқ, ўнг оёғ кафт, ўнг оёқ 1-бармоқ соҳаларидаги кесилган яралар мен билан пичоқни талашган вақтида келиб чиққан бўлиши мумкин. Аёлимнинг қовурғаларидаги синишлар қандай содир бўлганини билмайман. Жанжалнинг сабаб алимент тўловларини тўламаганим учун эмас. У менинг шахсиятимга теккани учун ушбу жанжал келиб чиқди. Унинг даволанишига кетган харажатлар учун укам орқали 500.000 сўм берганман. У касалхонага ётган вақтида уни кўришга ҳам борганман. Алимент тўловларини ҳам ўз вақтида тўлаб келаётгандим. Айбимни тушуниб етдим, қилмишимдан пушаймонман.

Жабрланувчининг суддаги кўрсатмасига кўра, судланувчи ўша куни спиртли ичимлик таъсирида бўлган:

— 2014 йилда шу шахсга иккинчи турмуш ўртоқ бўлишга розилик билдириб, шаърий никоҳ асосида турмуш қурганмиз. Уни мендан олдинги хотинидан 3 нафар фарзанди бор. Мен билан биргаликда яшаб, 2 нафар фарзандли бўлдик. Фарзандлик бўлганимдан сўнг, ўртамизда хар хил жанжал келиб чиқа бошлади, шу орада ота-онамнинг уйига кетиб қолдим. 2018 йил эримнинг устидан судга алимент пулини ундириб бериш юзасидан ариза билан мурожаат қилдим. Орадан таҳминан бир кун ўтиб, эрим мени фарзандларим билан биргалика Тошкент шахрига келишимни, Тошкент шахрида яшашимиз учун хонадон борлигини, “ўзинга иш топиб, ўзингни ўзинг таъминлайсан”, деди. Мен эримнинг таклифга розилик билдириб, 2 нафар вояга етмаган фарзандларим билан у ижарага олган Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги хонадонга келдим. 

Суд эримга нисабатан алиментдан бўлган қарздорлигини тўламаганлиги сабабли 15 суткага маъмурий қамоқ жазосини тайинлади. 20 июль куни фарзандларим вилоятга меҳмонга кетишди, мен ўзим ишда қолдим. 22 июль куни соат тахминан 22:00 ларда эрим қўнғироқ қилиб, “ишдан қачон чиқасан, мен ишдан олиб кетаман”, деди. Унга 1 соатлардан сўнг бўшашимни айтдим, сўнг ишдан чиқиб эрим билан Янгиҳаёт туманидаги  уйга жўнадик. У йўлдан пиво олди, уйга биргаликда бордик. Унга уйда бўлган сасискани пишириб бердим, овқатланиб, спиртли ичимлигини истеъмол қилди. Сўнг ухлашга ётиш учун жойларни солдим. Ювиниб чиққанимдан кейин у менга “кийимларингни ечиб ёт”, деди, кийимсиз ётдим. У телевизор кўриб ётган эди, мени кўзим кетиб ухлаб қолган вақтимда менинг устимга чиқиб, мени қўллари билан бўғаётган эди. Шунда чўчиб кетиб, “нима қилаяпсиз?” деб уни оёқларим билан тепдим. Сўнг у қўлларини бўйнимдан олди, шундан сўнг уни жаҳли чиқиб, баданимнинг турли ерларига қўллари билан урди. Дод, деб бақирдим, ўзимни ҳимоя қилиш мақсадида ёстиғимни таг қисмида бўлган ошхона пичоғини олиб, ўзимдан узоқлаштирмоқчи бўлдим ва “дадаси қўйинг, болаларимиз бор ахир”, дедим. У “сени ўлдираман, болаларни болалар уйига топшираман”, деди. Қўлимдаги пичоқни кўриб, пичоқ ушлаган қўлимни ушлаб олиб, пичоқни ташлашимни айтди. Унга “урмайсизми, пичоқни ерга қўяман”, дедим. У пичоқни ерга қўйишимни, урмаслгини айтди. Гапларига ишониб, пичоқни ерга қўйгандим, у пичоқни олиб менга ташланди. Чап қўлим билан ўзимни ҳимоя қилиб, оёғим билан тепиб ўрнимдан туриб, кийимларимни олдим ва кўчага қочдим. Шунда у мени чақириб, “кел сени кийинтириб қўяман”, дедим. Олдига қайтиб бормаслигимни айтиб, кийимларимни кийиб кўчага югуриб чиқиб кетдим. Кўчага чиқиб, 102 хизматига ва 103 тез тиббий ёрдамини чақиртирдим. Тез тиббий ёрдам келиб, менга биринчи ёрдам кўрсатиб шифохонага олиб кетди.

Суд ҳукмига кўра, судланувчига ЖКнинг 105-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
+0.97° ҳаво очиқ
Валюта курси
11203.13
USD -9.84
11604.20
EUR -18.04
183.91
RUB 0.29
1