1

Омбудсманга зўравонликка учраётган қиз ҳақида аноним мурожаат етиб келди

ЖАМИЯТ 28.11.2022, 22:18
Омбудсманга зўравонликка учраётган қиз ҳақида аноним мурожаат етиб келди

“Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасида аноним мурожаатлар Вакил томонидан кўриб чиқилмаслиги белгиланган. Лекин ушбу мурожаатда зўравонлик ҳолати келтирилгани сабабли у Омбудсман ташаббусига кўра воқеа жойига чиқиб ўрганилди.

Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили мурожаатда кўрсатилган манзилга Поп тумани “Олмазор” МФЙдаги хотин-қизлар фаоли М.Мавжутова, ИИБ ҳудуд профилактика катта инспектори билан бирга борганида ушбу хонадонда 2-гуруҳ ногирони бўлган Э.Ў. исмли қиз яшаши аниқланди.

Аноним мурожаатда зўравонликка учраётгани баён этилган ушбу қизнинг руҳий ҳасталиги ва қулоғи яхши эшитмаслиги сабабли оила аъзолари унга баланд овозда гапириши маълум бўлди. Қиз билан холи суҳбатлашилганда ҳам унга нисбатан ҳеч қандай тазйиқ, жисмоний ва руҳий зўравонлик бўлмагани қайд этилди.

Мурожаатни ўрганиш давомида 2-гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, Э.Ў. туман поликлиникаси томонидан ҳеч қандай тиббий кўрикдан ўтказилмагани аниқланди. Шу куннинг ўзида тиббий кўрик ташкил этилиб, Э.Ў. ва онасининг саломатлиги текширилди.

Ўрганиш давомида қизнинг онаси билан ҳам суҳбат ўтказилиб, тегишли тавсиялар берилди.

Ҳозир Э.Ў.нинг саломатлиги назоратга олинган. МФЙ мутасаддилари, ИИБ профилактика инспектори, Поп тумани ногиронлар жамияти вакиллари доимий равишда унинг ҳолидан хабар олиб турилиши йўлга қўйилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1