2025 йилда дунё бўйлаб қарийб 6 миллион қочқин бола таълимдан четда қолган. БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармасига кўра, молиялаштиришнинг қисқариши қочқин болаларнинг таълим олиш имкониятларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бошқарманинг 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботига кўра, дунёда 15 миллионга яқин қочқин бола ва ўсмир бор. Уларнинг ярмидан ками мактабда таҳсил олмоқда. Таълимга қамров, айниқса, ўрта таълим босқичида кескин пасайган.
БМТ маълумотларига кўра, 2025 йилда қочқин болалар ва ёшларнинг миллий таълим тизимларига қамрови 39 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2023 йилдан буён пасайиб бормоқда. Бошқарма таълим соҳасидаги молиялаштиришнинг қисқариши ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш ва таълим хизматлари қамровига таъсир қилганини қайд этган.
Қочқин болалар учун бошланғич таълимдан ўрта таълимга ўтиш энг жиддий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси аввалги ҳисоботларида ҳам бошланғич таълимга нисбатан ўрта таълимда қочқин болаларнинг мактабга қамрови кескин камайишини қайд этган.
Олий таълимда эса қочқинларнинг қамрови бўйича ижобий ўзгаришлар кузатилган. БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси маълумотига кўра, 2025 йилда дунёдаги қочқин болалар ва ёшларнинг 11 фоизи олий таълимда таҳсил олган.
БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси таълим соҳасидаги ютуқларни сақлаб қолиш учун молиялаштиришни давом эттириш ва қочқинларни қабул қилувчи давлатларнинг миллий таълим тизимларига сармоя киритиш зарурлигини таъкидлаган.






