1

Ўзбекистон АҚШ билан фаол ва конструктив сиёсий мулоқотни давом эттиради

СИЁСАТ 29.11.2022, 17:44
Ўзбекистон АҚШ билан фаол ва конструктив сиёсий мулоқотни давом эттиради

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фурқат Сидиқов 29 ноябрь куни Америка Қўшма Штатларининг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Дэвид Хенникни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, учрашувда Ўзбекистон—Америка стратегик шериклик муносабатларинининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари кўриб чиқилди. Томонларнинг фаол ва конструктив сиёсий мулоқотни давом эттиришга тайёрлиги қайд этилди.

Режалаштирилган тадбирлар, жумладан, Ўзбекистон ва АҚШ Стратегик шериклик мулоқотининг навбатдаги йиғилиши билан боғлиқ ташкилий ва мазмунли жиҳатлар муҳокама қилинди. Савдо, инвестиция, инновация, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Элчи АҚШ маъмуриятининг Ўзбекистонга молиявий-техник кўмак бериш ва пандемияга қарши курашда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлади. Минтақавий ҳамкорлик масалаларига, хусусан, «C5+1» мулоқот формати доирасидаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистоннинг афғон халқига кўмаклашиш ва қўшни мамлакатда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланди. Учрашувда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Ўзбекистондаги миссияси директори Микела Мередит ҳам иштирок этди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1